Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фанлар академияси Навоий номидаги адабиёт музейининг кўчирилишига изоҳ берди

Фанлар академияси Навоий номидаги адабиёт музейининг кўчирилишига изоҳ берди

Фото: Uzbekistan travel

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи фондларини вақтинча сақлаш жойларига кўчириш, музей фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши ҳамда мавжуд бинодан келгусида фойдаланиш масалалари юзасидан турли фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Фанлар академияси ушбу хабарларга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, музей фондларини вақтинча сақлаш жойларига кўчириш ишлари миллий адабий меросни асраб-авайлаш, нодир манбаларнинг бутлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни хатловдан ўтказиш мақсадида амалга оширилмоқда. Музейнинг қўлёзма ва тошбосма манбалари, шунингдек, ёзувчи ва шоирлар архивига оид материалларни кўчириш белгиланган тартибда ташкил этилмоқда.

Бирламчи хатловдан ўтказиш жараёнида дастлабки ҳисоб маълумотлари билан музей ашёларининг аниқланган миқдорий кўрсаткичлари ўртасида айрим тафовутлар қайд этилган. Жумладан, нодир қўлёзмалар, тошбосма нашрлар ҳамда Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архивига оид материаллар сони бўйича фарқлар аниқланган.

Маълумот учун: 2026 йил 9 июнь куни музейнинг «Нодир қўлёзмалар ва тошбосмалар» фондида доимий сақловда бўлган рўйхат асосидаги 847 номдаги нодир қўлёзма манбалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хонасига жойлаштирилган. Топшириш-қабул қилиш ишлари масъул комиссия иштирокида амалга оширилган.

Шу билан бирга, фондларни бирламчи хатловдан ўтказиш жараёнида дастлабки ҳисоб маълумотлари билан мавжуд ашёларнинг миқдорий кўрсаткичлари ўртасида айрим тафовутлар аниқланган. Жумладан, нодир қўлёзмалар сони 831 та ўрнига 847 та, тошбосма нашрлар 1 334 та ўрнига 1 491 та, ёзувчи ва шоирлар архивига оид материаллар эса 173 та ўрнига 189 та экани қайд этилган. Шунингдек, шахсий фонд бўйича 1 450 188 та ҳужжат ҳисобга олинган.

Айни пайтда ушбу тафовутларнинг сабабларини аниқлаш мақсадида мавжуд ҳисоб ҳужжатлари, инвентар китоблари ва фонд рўйхатларини ўзаро солиштириш ишлари олиб борилмоқда. Текширув натижалари асосида маълумотлар белгиланган тартибда аниқлаштирилади ва расмийлаштирилади.

Айтилишича, музей ташриф буюрувчилар ва тадқиқотчилар учун вақтинча ёпилган бўлса-да, муассаса ходимлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Фондларни хатловдан ўтказиш, ҳужжатларни аниқлаштириш ва музей ашёларини муҳофаза қилиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Муассасанинг Янги Тошкент ҳудудида барпо этилиши режалаштирилган янги биноси фойдаланишга топширилгач, фондларни унга кўчириш ва музей фаолиятини давом эттириш кўзда тутилган. Музейнинг мавжуд биносидан келгусида фойдаланиш масаласи тегишли ваколатли ташкилотлар томонидан белгиланган тартиб ва қабул қилинган қарорлар асосида ҳал этилади.

Фанлар академияси музей фондларининг сақланиши, уларнинг ҳисобини юритишда аниқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, музейнинг келгуси фаолиятини самарали ташкил этиш зарурлигини таъкидлайди.

«Маданий меросни асраб-авайлаш нафақат тегишли муассасаларнинг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир. Шу боис музей фондларининг ҳолати, хатлов натижалари, ашёларнинг сақланиш шароитлари ва музейнинг келгуси фаолиятига оид масалаларда аниқ ва тўлиқ маълумотларни тақдим этиш муҳим ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг