Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроилнинг Ливандаги махфий амалиёти тафсилотлари очиқланди

Исроилнинг Ливандаги махфий амалиёти тафсилотлари очиқланди

Яқин Шарқдаги ҳодисаларни ёритишга ихтисослашган «Al Monitor» нашри 17 сентябрь куни Исроил махсус хизмати – «Моссад» томонидан амалга оширилган махфий амалиётга доир тафсилотларни очиқлади.

Аввал хабар берганимиздек, Ливан бўйлаб бир пайтда уюштирилган пейжер портлашлари натижасида минглаб киши жароҳатланган, ўндан зиёд киши ҳалок бўлган.

«Al Monitor» Яқин Шарқдаги разведка хизматларига таяниб ёзишича, Исроил махсус хизмати «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Тайвань ширкатидан сотиб олган пейжерларни маҳсулот буюртмачига етиб боргунга қадар бўлган жараёнда миналаштиришга муваффақ бўлган.

Исроил, аслида, пейжерларни «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан тўлақонли уруш бошланган пайтида рақибни саросима ва қўрқувга солиш мақсадида оммавий равишда портлатишни режалаштирган эди. Бу орада «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг икки аъзоси пейжерлардаги шубҳали ҳолатларни сезиб қолган ва бу ҳақда ўз раҳбариятига маълум қилмоқчи бўлган. Бундан хабар топган Исроил айғоқчилик хизмати ошиғич равишда пейжерларни портлатган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 30 июль куни Исроил армияси Байрут шаҳрига берган ракета зарбасида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг қўмондонларидан бири Фуад Шукр ҳам ўлдирилганди.

Маълум бўлишича, «Ҳизбуллоҳ» янги пейжерлар партиясини баҳорда Тайваннинг «Gold Apollo» ширкатидан сотиб олган.

«Sky News Arabia» талқинига кўра, «Моссад» ходимлари пейжерлар аккумулятори ҳароратини ошириш орқали портлашларни амалга оширган.

Ушбу теракт қурбонлари сони ортиб бормоқда. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 киши ҳалок бўлгани, 4 минг киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берди.

Ҳалок бўлганлар орасида 8 ёшли қизча ҳам бор.

Пейжерлар портлаши оқибатида Эроннинг Ливандаги элчиси ҳам жароҳатланган. Айрим нашрлар дипломат кўриш қобилиятидан маҳрум бўлгани ҳақида ёзмоқда.

«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Исроилга муносиб жавоб ваъда қилган.

«Бу бир, икки ёки уч шахс хавфсизлигига дахл этувчи ҳужум эмас, балки бутун бир миллатга қарши йўналтирилган ҳужумдир», – деган ҳаракатнинг юқори мартабали вакили Ҳусайн Халил.

Таҳлилчилар Тель-Авивнинг ушбу амалиётини Ливан билан тўлақонли уруш бошлаш ва унга АҚШни ҳам тортишга уриниш деб баҳоламоқда. Хусусан, таҳлилчи Михаил Магид кечаги ҳодисани «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати учун 11 сентябрь воқеалари билан баробар эканини таъкидлайди.

«Кўзланган мақсадлардан бири Эронни ҳам урушга тортиш ва шу орқали АҚШни Исроилга кўмакка келишга мажбурлашдир. Бундан ташқари, Нетаняҳу уруш тўхтовсиз давом этишидан манфаатдор. Чунки уруш тугаган тақдирда, Исроил анъаналарига кўра, Нетаняҳу 7 октябрь кунги нўноқлиги сабаб сўроқ-саволга тутила бошлайди. У истеъфога чиқади, Олий суд уни коррупцияда айблаётгани инобатга олинса, қамалиши ҳам мумкин», – дейди Михаил Магид.

Сўнгги хабарларга кўра, Россия Ливандаги пейжерларнинг портлатилиши оқибатида минглаб одамлар жароҳатланганини терроризм ва гибрид уруши акти сифатида кескин қоралаган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг