Бухоро «Арк»ида «Археологик парк» яратилди (фото)

Бухорода шариф шаҳарнинг бош меъморий обидаси – Арк қўрғонида «Археологик парк» яратилди. Мазкур гўша нақ 103 йилдан буён шаҳар меҳмонлари ва сайёҳлари берк бўлган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев маълум қилди.
Маълумки, Бухоро ҳисори, яъни шаҳарнинг қадимги қисми, дея ном олган «Арк» қўрғонининг қурилиш даври милоддан аввалги IV асрга бориб тақалади. Туркий халқлар давлатчилиги асосчиси Алп Эр Тўнга ёки Афросиёб номи билан боғланган, унинг куёви Сиёвуш томонидан барпо этилгани айтилган Арк қўрғони Бухоронинг уч минг йилдан зиёд тарихини ўз бағрида яширган.
Тарихга кўра, шаҳар ичидаги шаҳарча мақомини олган бу қасрнинг жозибаси узоқ йиллар давомида тўлиқ намоён бўлмаган. Сабаби 1920 Бухорони ишғол этиш пайтида қадимий қўрғоннинг учдан икки қисми буткул вайрон қилинган, шу боисдан мазкур ҳудуд сайёҳлар назаридан «иҳоталанган».
Миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва уларни туризмни жадал ривожлантириш йўлида қайта тиклашга қаратилган ислоҳотлар натижасида Бухоро Аркида ҳам кенг кўламли реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарила бошланган эди.
«Айни кунда қарийб, 4 гектар майдонни эгаллаган Арк қўрғонининг вайронага айланган қисмида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун янги туристик маскан – «Археологик парк» ташкил этилгани қўрғоннинг туризм сайлгоҳи сифатида қайта тиклаш имконини беради. Аниқроғи, мазкур «Археологик парк»да шаҳар меҳмонлари қалъанинг бизгача сақланиб қолган асосини кўриб, қазишма ишлари билан танишиб, кўҳна Бухоро манзараларини кузатишлари мумкин. Истакларига кўра, сайёҳлар археологик қазишма ишларида ҳам бевосита иштирок этадилар»,-деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров.
Куни кеча ички ва ташқи сайёҳлик тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган «Археологик парк»нинг очилиш маросими ўтказилди.
Ботиржон Шаҳриёровнинг айтишича, ушбу тарихий макон қайта тикланган сайёҳлик майдони сифатида хорижий туристлар ва маҳаллий аҳоли учун янги эксклюзив туристик объект бўлиб хизмат қилади.
ЮНEСКО томонидан қўллаб-қувватланиб, Франциядаги машҳур Лувр музейи олимлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида қадимий ғишт бўлаклари ва тошлардан йўлаклар, айвонли шийпон барпо этилиб, сайёҳлар учун бир қатор қўшимча қулайликлар яратилмоқда.
«Археологик парк»нинг очилишида лойиҳа иштирокчиси, республикада таниқли архитектор Елизавета Некрасова реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари жараёнида Арк қўрғони орқа томонининг, чамаси, 120 метрли девор қисми пишган ғишт билан қоплангани ҳам унинг тарихий аҳамиятини йўқотмаганини билдирган.
Мутахассисларнинг сўзига кўра, ҳудудда қисман сақланиб қолинган Абдулғозий мақбараси, Хонақоҳ ва ҳаммом, ҳудуддан топилган осори атиқалар музейи ва бошқа иншоотлар бу қадимий паркка келадиганларга Бухоронинг гўзал тарихини яна бир карра намоён этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter