Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд» — Адияманда бугун аҳвол қандай?

«Офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд» — Адияманда бугун аҳвол қандай?

Фото: Xabar.uz

Аввал хабар берганимиздек, Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги коммуникациялар бошқармаси мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ вакиллари учун Туркияга пресс-тур уюштирди. Матбуот сафарида xabar.uz вакили ҳам қатнашмоқда.

Адияман

10 феврал куни ОАВ вакиллари Адияман вилояти губернатори Осман Варал билан учрашишди. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мулоқотда губернатор зилзила оқибатлари ва уни бартараф  этиш борасида қилинган ишларга кенг тўхталди.

Хатая ва Адияман вилоятлари бу офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд ҳисобланади. Адиямандаги 115067 та бинонинг 33112 тасини қайта тиклаб бўлмайди.

Ҳозир ҳам Адмиянда деворлари ёрилиб кетган, ғиштлари ўпирилган кўплаб уйлар, биноларни кўриш мумкин. Мутасаддилар уларни бузишга шошилишмаяпти, сабаби - суд қарори орқали ҳуқуқий ечимни кутишяпти. Аммо биноларни қисқа  ва узоқ муддатларда таъмирлаш режалари тузилган, шу асосда ишлар юритилмоқда.

Ўтган йилнинг 6 февралида рўй берган зилзила натижасида 8500 нафар адияманлик нобуд бўлди, 16771 киши жароҳат олган. Улар ва яқинлари олган руҳий зарбаларни дарҳол унутишнинг иложи йўқ.

Зилзиладан кейин уйсиз қолганлар учун тезкорлик билан 33724 та контейнер  ўрнатилган 58та масканлар ташкил қилинди. Ҳозирда ушбу масканларда 120 мингга яқин киши яшамоқда.

Юқорида зилзиладан руҳий жаҳорат олганлар ҳақида сўз юритилди.  Контейнерларнинг 4 мингтаси ана шу руҳий босимни енгиллаштиришга мўлжалланган тиббий ва психологик масканлар, болалар учун спорт майдончалари, аёлларни касбга йўналтиришга мўлжалланган ўқув бинолари, кутубхоналар, болалар учун турли тўгарак ва дўконлар сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Вилоятда айни пайтда 44352 та кўп қаватли уй ва коттежлар қурилмоқда. Битган уйлар қуръа ташлаш орқали ўз соҳибларига топшириляпти. Янги уйга кўчишни истамаган, эски ҳовлисида уй қуришни хоҳловчиларга имтиёзли кредит берилмоқда. Шу билан бирга, ушбу жойларда ер майдонининг тупроқ зичлиги ўрганилганидан кейин темир каркасли уй қуришга рухсат берилмоқда.

Журналистлар вилоят марказидан 30 километр масофада бунёд этилган коттеж уйларни бориб кўришди. Умумий майдони 125 метр квадрат бўлган 4 хонали уйларда барча шароитлар яратилган.

Адмиян шаҳрининг  Уренли кичик туманида қурилган 150 та кўп қаватли уй уч мингта хонадондан иборат. Ёки бўлмаса, Индерли кичик туманида 16 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда.  Барчасида спорт майдонлари ва болалар ўйингоҳлари ташкил этилмоқда.

Битган уйлар эгаларига 20 йиллик муддатга фоизсиз кредит ҳисобига топширилмоқда.

Кун якунида ОАВ вакиллари Адиямандаги марказий вақтинчалик яшаш марказида бўлишди. Бу ердаги 1500 та контейнерда 3500 киши яшайди.

Контейнерлардан бутун бошли мактаб қурилган. У ерда 750 нафар ўқувчи таълим олади. Иситиш ва совутиш тизими, канализация сифатли йўлга қўйилган. Контейнерлар шаҳарчасида тиббий пункт, аёлларни касбга ўқитиш маркази, болалар учун турли тўгараклар, кутубхона, спорт майдони ва кичик масжид бор.

Бу масканда яшовчи катталарнинг чеҳрасида, кўзида зилзила асоратлари сезилса-да суҳбат қурсангиз келажакка катта умид билан боқишади. Уларнинг фарзандларини эса спорт майдончалари, кутубхона ва тўгаракларда учратиш мумкин. 

Ҳа, ҳаёт ана шундай давом этмоқда.

Туркияда сафари давом этаётган журналистларнинг кейинги манзили Малатя вилояти бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг