Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сардобадаги ҳодиса бошқа жойда қайтарилмаслигига кафолат борми? Вазир ўринбосари билан суҳбат

Сардобадаги ҳодиса бошқа жойда қайтарилмаслигига кафолат борми? Вазир ўринбосари билан суҳбат

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Маълумки, 1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилояти, Сардоба туманида жойлашган сув омбори 6 пикетида сув чиқиши кузатилди, бу эса кўплаб нохушликларга сабаб бўлди. Воқеа жойига давлат раҳбари ва бош вазир етиб борди. 60 мингдан зиёд киши уйини тарк этди.

Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали мазкур ҳодиса, сув омбори ва бошқа масалалар юзасидан Сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов билан суҳбатлашди.

– Воҳиджон ака, аввало, Сардоба сув омбори ҳақида гаплашсак. Сув омбори аҳамияти, шу пайтгача тутган ўрни ҳақида гапириб берсангиз.

– Сардоба сув омбори аҳамияти жиҳатдан юқори ўринда турувчи иншоот саналади. Биринчи навбатда, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ерларини суғоришда муҳим ўрин тутади. Умумий ҳажми 922 миллион метр кубни ташкил этади.

Сув омборининг асосий вазифаси куз, қиш ва баҳорда Сирдарё дарёсида кўпаядиган сувни олиб, аккумлация қилиш (ғамлаш) ва уни ёзда суғориладиган ерларга етказишдир.

Сирдарёнинг юқори оқимидаги Тожикистон ва Қирғизистонда қурилган сув омборлари энергетик тартибда ишлайди. У ерда ГЭСлар орқали сув қишда қўйиб юборилади. Натижада, бу сувни сақлаб қолиш ва ишлатиш муҳим. Сардоба сув омбори қурилгач, Сирдарё ва Жиззахдаги суғориш билан боғлиқ муаммолар деярли юз фоизга ҳал этилган эди. (Шу вақтга қадар 65-70 фоиз бўлган).

– Ўзбекистон бўйлаб бошқа сув омборларининг ҳам моддий-техник ҳолатини текшириб чиқиш ва назорат қилиш режаси борми? Бу Сирдарёдаги ҳодиса бошқа жойларда такрорланмаслигига кафолат бўладими?

– Вазирлигимиз қошида «Давсувхўжаликназорат» инспекцияси мавжуд. Ушбу ташкилот республикада мавжуд барча йирик сув иншоотлари техник ҳолатини текшириб туриш вазифасини бажаради. Агар сув омборларида бирор камчилик аниқланса, тегишли ташкилотларга маълум қилинади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Инспекция қошида диагностика маркази бор. Улар томонидан  йирик сув иншоотлари ҳар беш йилда текширилиб, хавфсизлик  декларацияси қабул қилинади.

Сардобадаги ҳодиса эса мутахассислар айтганидек, кучли ёмғир ва шамол натижасида вужудга келган тўлқин лойиҳавий режадан ортиқ бўлиши натижасида келиб чиққан. Бу техноген ҳодиса дейилади.

– Кечаги ҳодиса Ўзбекистондаги барча йирик сув ҳавзалари техник ҳолатини чуқур текшириш лозимлигини кўрсатди. Бу борада ишлар амалга ошириляптими?

– Биз аллақачон бу ишни бошлаб юборганмиз. Республика ҳудудида жойлашган нафақат барча сув омборлари, каналлар бошқа ҳавзалар ҳолатини ҳам ўрганиш бошланган. Бошқа объектларда бунақа хавф йўқлигига яна бир бор амин бўлдик.

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан йирик сув иншоотлари, сел ва тошқин хавфи мавжуд бўлган жойларда туну кун фаолият олиб борувчи штаблар тузилган ва навбатчиликлар белгиланган.

Маълумот ўрнида: Юртимизда жойлашган Сардоба ва Чорвоқ сувомборларидан бошқа барча йирик сув иншоотлари Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфида саналади. Сардоба сув омбори «Ўзбекистон темир йўллари», Чорвоқ сув омбори эса «Ўзгидроэнерго» ташкилоти тасарруфидадир.

Улуғбек Орипов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг