Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент ҳайвонот боғида аёл ўз қизчасини айиқ сақланадиган жойга ташлаб юборди

Тошкент ҳайвонот боғида аёл ўз қизчасини айиқ сақланадиган жойга ташлаб юборди

Фото: Александр Жудро

Тошкент ҳайвонот боғида одамнинг дилини ларзага соладиган воқеа юз берди. Бу ҳақда Ҳайвонот боғи матбуот хизмати хабар берди.

Бугун, 28 январь куни, соат тахминан 12:00ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра, кўпчиликнинг кўз олдида кичкина қизалоқни айиқ вольери (сақланадиган жой)га ташлаб юборган.

«Агар айиқ ташлаб юборилган болага худди йиртқич жонивор ўлжага қарагандек муносабатда бўлганида, бу воқеа қай тарзда якун топиши мумкин эди — бу ҳақида ўйлашнинг ўзи даҳшат...

Зузу лақабли Кавказ қўнғир айиғи ўз вольерида ётиб олиб, қизалоқни металл тўсиқ устидан отиб юборган аёл ҳаракатларини кузатди. Меҳмонларимиз ва ходимларимизнинг уринишларига қарамасдан, аёлни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади, у болани йиртқичнинг вольерига отиб юборишга эришди.

Зузу айиғимиз секингина зовурга тушиб, қизалоқни ҳидлаб кўрди ва ундан узоқлашди.
«Йиртқичлар» бўлими ходимлари тез ҳаракат қилишди ва айиқни ички хонага чақиришни бошлашди, айиқ ҳам қаршилик кўрсатмасдан хонага кирди.

Бола вольердан олиб чиқилди ва ҳайвонот боғининг ҳамшираси томонидан кўрикдан ўтказилди. Қизалоқ йиртқич тишлари ва панжаларидан эмас, фақат қарийб 5 метр баландликдан йиқилиш туфайли жароҳат олган. Дастлабки кўрикда урилишлардан ташқари кўзга кўринарли жиддий шикастлар аниқланмади...», — дейилади хабарда.

Айни дамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушбу воқеа сабабларини ўрганишмоқда. Бола шифокорлар назорати остида.

Тошкент ҳайвонот боғи қизалоққа тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олишини ва унинг тезроқ тузалиб кетишини тилаб қолган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг