Коксаки вируси бўйича эпидемиологик вазият барқарор – Санэпидқўмита
Ўзбекистонда энтеровирусли инфекциялар, жумладан Коксаки вирусининг тарқалиши бўйича хавотирли ҳолат кузатилмаяпти. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати маълум қилди.
Қўмитага кўра, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор ва назорат остида.
Коксаки вируси энтеровируслар гуруҳига мансуб бўлиб, болаларда тана ҳароратининг 39–40 даражагача кўтарилиши, лимфа тугунларининг шишиши, кўнгил айниши, қусиш ва кучли бош оғриғи каби белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Шунингдек, танада тошмалар, оғиз, тил ва милкларда оғриқли яра ҳамда пуфакчалар пайдо бўлиши, томоқ оғриши ва бола овқатланишдан бош тортиши мумкин.
Вирус ҳаво-томчи йўли, ифлос қўллар, ўйинчоқлар ва умумий идиш-товоқлар орқали, шунингдек, бемор терисидаги пуфакчалар суюқлиги ва ажралмалари билан бевосита алоқада юқиши мумкин.
Санэпидқўмита инфекциянинг олдини олиш учун қўлларни мунтазам совунлаб ювиш, хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этишни тавсия қилди. Қўмита фуқароларни фақат расмий манбалардаги ишончли маълумотларга таянишга чақирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter