Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эрдўғон БМТ минбарида кескин саволларни ўртага ташлади

Эрдўғон БМТ минбарида кескин саволларни ўртага ташлади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТ Бош ассамблеясининг 79-сессиясида дунё давлатларини тарихнинг муҳим палласида ҳақиқат томонида бўлиш ва Фаластин давлатини тан олишга чақирди.

Туркия раҳбари БМТ дунёдаги ихтилофлар, хусусан, Ғазо секторидаги хунрезликнинг олдини олишда сусткашлик қилаётганини танқид қилган.

«БМТ Хавфсизлик кенгаши нега Ғазодаги қатлиомга чек қўйиш, зулм ва зўравонликни тўхтатиш борасида сусткашлик қилмоқда?! Ўз сиёсий манфаати йўлида бутун минтақани уруш домига тортишга уринаётган оммавий қотиллар гуруҳини тўхтатишни пайсалга солмоқда?!» – дея савол қўйган Эрдўғон.

Сиёсатчи Ғазо сектори Исроил ҳужумлари оқибатида болалар ва аёллар қабристонига айлангани, 17 мингдан зиёд болалар Исроил бомба ва ўқларига нишон бўлганини таассуф ила қайд этган.

БМТ минбарида янграган нутқда айтилишича, Исроил армияси Ғазо секторига қўшин киритган 2023 йил 7 октябрдан буён 41 минг фаластинлик ҳалок бўлди, 100 минг нафари яраланди, 10 мингдан зиёд ғазолик бедарак йўқолди.

Туркия раҳбари Ғазо секторида сўнгги бир йил ичида 172 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлганига ҳам эътибор қаратган.

«Мен халқаро медиа тузилмалар вакилларидан сўрамоқчиман: Исроил жонли эфир пайти ўлдирган, идораларида тинтув ўтказган журналистлар ҳам сизнинг ҳамкасбингиз эмасмиди?!» – дея пешқадам ОАВни саволга тутган у.

Эрдўғонга кўра, Тель-Авив маъмурияти инсон ҳуқуқлари талабларини бузган ҳолда Фаластин ерларида этник тозалаш ва геноцид жиноятларини содир этмоқда.

«(Ғазода) инсонлар ҳаётини қутқараётган 500 дан зиёд тиббий ходим ўлдирилди. Очлик ва ташналик домида қолаётган Ғазо аҳлига кўмакка келган БМТ ва инсонпарварлик ташкилотларининг 210 дан зиёд ходими ўлдирилди. Уруш пайтида ҳам дахлсиз қолиши зарур бўлган 820 та масжид, 3 та черков йўқ қилинди. Ўнлаб шифохона ва мактаблар бомбаланди, беморларни олиб кетаётган 130 дан зиёд тез ёрдам машинасига ҳужум уюштирилди. Улар БМТ низомини ҳам оёқости қилмоқда», – деган Туркия раҳбари.

Маълумот ўрнида, ҳозирга қадар БМТга аъзо 193 давлатдан 145 таси Фаластинни давлат сифатида тан олган.

Фаластин айни пайтда БМТда доимий кузатувчи давлат мақомига эга. Бу мақом эгаси ташкилотнинг барча мажлисларида қатнашса-да, асосий тузилмаларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрумдир.

Жорий йил апрель ойида БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластиннинг халқаро ташкилотга тўлақонли аъзолиги тўғрисида резолюция лойиҳаси юзасидан овоз бериш ўтказилганди. Хавфсизлик кенгашининг 12 аъзоси ҳужжатни ёқлаб овоз берган бўлса, Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолган. Биргина АҚШ вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда резолюция лойиҳасини йўққа чиқарган.

Таҳлилчиларга кўра, мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқаётган Исроил маъмурияти БМТга тўлақонли аъзо бўлиш йўлидаги уринишларни ҳам АҚШ кўмагида йўққа чиқариб келмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди.

Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг