Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев қутловларни қабул қилишни бошлади

Шавкат Мирзиёев қутловларни қабул қилишни бошлади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сайловдаги ишончли ғалабаси учун қўшни ва қардош мамлакатлар раҳбарларидан табрикларни қабул қилишни бошлади.

Дастлаб, Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов телефон қилиб, давлатимиз раҳбарини муддатидан илгари ўтказилган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий табриклади ва қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда амалий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Парламентлар ўртасидаги алоқалар ва гуманитар алмашинувлар фаоллашди.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

***

Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ҳам мамлакатимиз етакчисини куни кеча Ўзбекистонда бўлиб ўтган муддатидан илгари Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий қутлади.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

***

Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев мамлакатимиз етакчисига табригида Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий кун тартибидаги масалаларни икки мамлакат ҳукуматлари даражасида пухта ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро ташкилотлар, шу жумладан Қўшилмаслик ҳаракати ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.

***

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ишончли ғалабасини Ўзбекитон етакчисининг давлат фаровонлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари халқ томонидан қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин далили, деб атади.

Суҳбат чоғида Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида янада чуқурлаштириш тарафдори экани таъкидланди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқотида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида сўз борди.

Суҳбат аввалида Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини муддатидан илгари Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан дилдан қутлади, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, муҳим инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, муддатидан илгари Ўзбекистон Президентлигига бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. Унга кўра, ЎзЛиДеПдан номзод Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг