Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абдулазиз Комилов қаерда?

Абдулазиз Комилов қаерда?

Фото: Xabar.uz

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бир ойдан бери ишга чиқмаётгани айтилмоқда. У охирги марта Сенатда чиқиш қилиб, Украинага ёрдам беришни, Донецк ва Луганцк халқ республикаларини тан олмасликни айтганди. Шундан 10 кун ўтиб, унинг хорижда даволанаётгани ҳақида хабарлар чиқди.

Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати барча расмий хабарлар вазирликнинг расмий саҳифаларида эълон қилиниши, уларни кузатиб боришни тавсия қилган. Айрим манбаларга кўра, Комилов айни пайтда Тошкентда, уйида даволанишни давом эттирмоқда.

Сўнгги пайтларда тарқалган хабарларга кўра эса Ташқи ишлар ҳамда Инвестиция ва ташқи савдо вазирликлари бирлаштириб юборилади, янги вазирликка ҳозирги ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов тайинланади. Бу ҳақдаги гапларни ҳар иккала вазирлик ахборот хизмати ҳам ортиқча изоҳламаган.

«Америка овози» ўзбек таҳририяти журналисти Навбаҳор Имомованинг Твиттерда ёзишича, ҳар иккала вазирликни бирлаштириб юбориш ғояси аввалроқ пайдо бўлган.

«Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан Ташқи ишлар вазирлигини бирлаштириб юбориш фикри ҳақида олдинроқ эшитгандик. Кўрамиз, бу гап-сўзлар қанчалик ҳақиқат экан. Дипломатия — инвестиция ва ташқи савдо масаласига ўхшаган катта иш», деб ёзган Имомова.

Айрим манбаларда ташқи ишлар вазирлигига Сардор Умурзоқов раҳбар бўлиши айтилган. Чунки «Марказий Осиё — Япония» ташқи ишлар вазирлари форумида Сардор Умурзоқов қатнашган. Хитойдаги халқаро конференцияга ҳам у борган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган ҳам Умурзоқовдир.

Архивдан сурат, 2018 йил
Фото: Xabar.uz

74 ёшли Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ҳукуматида энг узоқ ишлаган амалдорлардан бири ҳисобланади. У Ташқи ишлар вазири лавозимига икки марта тайинланган ва бу лавозимда қарийб 20 йилдан ишлаб келаётган эди. Шунингдек, у биринчи президент Ислом Каримовдан кейин ҳукуматда қолган ва алмашмаган ягона вазирдир.

Абдулазиз Комилов марҳум Шароф Рашидовнинг куёви ҳисобланади. Унинг ўғли Дониёр Комилов эса ўтган йили ДХХнинг собиқ биносини очиқ тендерда сотиб олган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг