Эрдўғон Анқарада содир этилган терактга муносабат билдирди
Туркияда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришни қасд қилган террорчилар ўз мақсадига эриша олмайди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия парламентининг кузги сессиялари очилишидаги нутқида Анқарада содир этилган терактга шундай муносабат билдирган.
Сиёсатчи Туркия ички ишлар вазирлиги биноси остонасида амалга оширилган қўпорувчиликни «террорчиларнинг сўнгги талвасаси» деб атаган. У, айни чоқда, FETÖ ва бошқа шу каби террор тўдаларининг Туркияда қайта жонланишига йўл қўйилмаслигини урғулаган.
Эрдўғон Туркияга ғанимлик қилганлар ҳеч қачон фойда кўрмаслигини ҳам таъкидлаган.
«Қорабоғдан Ливияга қадар, Суриядан Сомалига қадар – барча биродарларимиз Туркиянинг дўстлиги қанчалар қадрли ва муҳим эканини яхши билишади. Туркияга нисбатан душманларча сиёсат юритиб, пировардида бундан фойда кўрган мамлакат, жамият ёки тузилма йўқ», – деган Эрдўғон.
Аввал хабар берганимиздек, 1 октябрь куни Туркия ички ишлар вазирлиги биноси яқинида теракт содир этилди. Вазирлик қўриқлаш бош бошқармасининг кириш эшиги яқинида бир террорчи ўзини портлатган, иккинчиси эса зарарсизлантирилган. Оқибатда икки полициячи енгил жароҳат олган.
Жангарилар Қайсари шаҳрида маҳаллий шифокорни ўлдириб, унинг машинасида пойтахт Анқарага келган.
Ички ишлар вазирлиги ҳужумни содир этган шахслардан бири Курдистон ишчи партияси (PKK) террор ташкилоти аъзоси экани ҳақида маълумот берган.
Курдистон ишчи партияси Туркия ҳудудида қонли қўпорувчилик ҳаракатларини содир этган. Тузилма нафақат Туркия, балки АҚШ ва Европа Иттифоқида ҳам террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.
2022 йил 13 ноябрь куни Истанбулнинг Истиқлол кўчасида уюштирилган теракт оқибатида 6 киши вафот этган, 81 киши жароҳатланган. Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари теракт PYD (Курдистон ишчи партиясининг Суриядаги шўъбаси) томонидан уюштирилганини айтган.
Анқарадаги нохуш ҳодиса ортидан Туркия мудофаа вазирлиги Ироқ шимолидаги террорчиларга қарши ҳаво операцияси ўтказган. Ҳаво ҳужумларида террор ташкилотининг юқори мартабали аъзолари яширингани айтилган ғор, бошпана, бункер ва омборлардан иборат жами 20 та объект йўқ қилинган. Вазирлик «террорга қарши кураш битта ҳам террорчи қолмагунича давом этиши»ни билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter