Собиқ Бош прокурорга қўйилаётган айбловлар ўз исботини топса, у қанча муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин?
2018 йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бугун, 24 февраль куни ушбу маълумотни расман тасдиқлади.
Бош прокуратуранинг расмий сайтида маълум қилинишича, собиқ бош прокурор Р.Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши айнан Бош прокуратура томонидан қўзғатилган.
Расмий айбловга асосланадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олишда гумон қилинмоқда. Рашиджон Қодировга қўйилаётган айбловлар ўз исботини топса, у қанча муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин?
Мавзуга доир:
Собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳақида нималарни биламиз?
Гумонланувчининг товламачилик бўйича айби исботланса, Жиноят кодексининг 165-моддасига кўра, у уч йилдан ўн беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилиши мумкин. Рашиджон Қодировнинг ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жинояти ўз исботини топса, у энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жаримага ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, бир йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар гумонланувчининг пора олганлиги исботланса, жиноятнинг оғир-енгиллигига қараб энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима билан қутулиши ёки 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Юқоридаги уч модда бўйича собиқ бош прокурор энг оғир жиноятларни қилган деб топилса, унга умумий ҳолатда 35 йил қамоқ жазоси берилиши керак бўлади. Бироқ Жиноят кодексининг 50-моддасига кўра, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилишнинг энг узоқ муддати йигирма беш йилдан ошиши мумкин эмас, фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун тайинланиши мумкин. Мазкур вазиятда Рашиджон Қодиров ушбу моддалар бўйича энг оғир жиноятларни қилган тақдирда 25 йил озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 10 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ҳақида тақдимномасига кўра, 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан барча жиноят ишларини тугатиш кўзда тутилган. Бироқ тақдимномада ўта оғир жиноятларни содир этган шахслар бундан мустасно экани алоҳида қайд этиб қўйилган.
Мавзуга доир:
Рашиджон Қодиров хорижга учиб кетмоқчи бўлганида Тошкент аэропортида ушландими?
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, юқоридагилар амалдаги қонун ҳужжатлари асосланилган тахминлар бўлиб, биз шунчаки жиноят қонунчилигида кўзда тутилган меъёрларга асосланиб айрим фаразларни ўртага ташладик. Жиноятга қонуний ва адолатли баҳо бериш эса суд ҳукмига ҳавола.
Рашиджон Қодиров айни пайтда юқоридаги жиноятларни содир этганликда гумон қилинаяпти холос. Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Шу маънода собиқ Бош прокурорнинг айбдор ёки айбсиз эканига фақат суд баҳо бериши мумкин.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов-суриштирув жараёнида жиноят ишига доир қўшимча тафсилотлар ҳам ошкор бўлиши, бунинг натижасида айблов моддалари кенгайиши ҳам мумкин.
«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter