Россия–Украина урушида қанча ўзбекистонлик ҳалок бўлгани очиқланди
2022 йил 24 февраль куни Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши бошланганидан буён камида 93 нафар Марказий Осиё фуқаролари, жумладан, 34 нафар ўзбекистонлик жанг майдонида ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC Рус хизмати журналист суриштирувига таяниб хабар берди.
Қирғизистондан 19 нафар, Тожикистондан 40 нафар фуқаро ҳарбий ҳаракатларда ўлим топган. Уларнинг барчаси Россия томонида жанг қилган.
Ҳозирга қадар жанг майдонида ҳалок бўлгани аниқланган 93 нафар Марказий Осиё фуқароларининг асосий қисми «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати орқали жазони ўтиш муассасаларидан урушга сафарбар қилинган. Қолганлар эса ҳарбий сифатида турли бўлинмаларда хизмат қилган.
BBC суриштирувига кўра, Украинада уруш бошланганидан кейин оғир меҳнат шароитида камтарона маошга қаноат қилиб ишлашга одатланган марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига жанг майдонида ҳам талаб ошган. Улар ҳандақ (окоп) қазиш ва вайрон бўлган ҳудудларни қайта тиклашга жалб этилган. Қамоқхонадан урушга юборилган собиқ маҳкумлар – «Вагнер» ширкати ёлланма аскарлари эса ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашган.
Аввалроқ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Россия қамоқхонасидан Украинадаги урушга юборилган 23 ёшли юртдошимиз Ш.Тожибоев ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Ш.Тожибоев жасадининг ярми (оёқларсиз) Ўзбекистонга олиб келинган.
Жамоат фаоллари бир неча ойдан буён Россияда меҳнат қилаётган Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ватандошларини Украина урушига юборишга қаратилган тарғибот кучайганидан огоҳлантирмоқда.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботида қайд этилишича, Россия ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари меҳнат муҳожирларини Украина урушида қатнашишга кўндиришга уринмоқда. Ихтиёрий равишда ажал комига бориш эвазига муҳожирларга 4160 доллар ойлик маош, шунингдек, Россия фуқаролиги ваъда қилинмоқда.
Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳам Россия ички ишлар вазирлиги меҳнат муҳожирларини урушга ёллаш жараёнини осонлаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини таклиф этаётганини маълум қилган.
Жорий йил январь ойида Россия Федерацияси Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин мамлакат фуқаролигини олган Марказий Осиё ва Кавказорти ўлкалари вакилларини урушга юбориш лозимлиги ҳақида гапирган эди.
Россия Давлат думаси депутати Михаил Матвеев ҳам Марказий Осиё вакиллари Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт»га юборилмаётганидан таажжуб изҳор қилган.
Украина урушидаги муваффақиятсизлик ва ички норозиликнинг кучайиши ортидан Москва расмий доираларида Марказий Осиё вакилларини ажал комига юбориш истаги тобора кучаймоқда.
31 май куни «Справедливая Россия» партияси раҳбари Сергей Миронов Думадаги чиқишида урушда Россия томонида туриб қатнашмоқчи бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўз давлатида жиноий жавобгарликка тортилаётганидан ёзғирган эди. Рус сиёсатчисининг даъвосига жавоб берган «Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмуродов унга ўз «ишлари» билан шуғулланишни маслаҳат берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter