Малайзия ТИВ ўринбосари Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболига баҳо берди
Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан халқаро анжуман ташкил этилди. Бу ҳақда Малайзия ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия ва халқаро алоқалар институти (IDFR) хабар берди.
Анжуманда мезбон томон расмий вакиллари қаторида Марказий Осиё давлатларининг Куала Лумпурдаги элчилари қатнашди.
«Марказий Осиё Малайзия учун янги тараққиёт ўқига айланиш салоҳиятига эга. Минтақа ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида улкан имкониятлар тақдим эта олади. Бу эса ҳам Малайзия, ҳам минтақа давлатларига бирдек манфаатлидир», – деди мазкур мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Қамаруддин Жаъфар.
Қайд этилишича, 76 миллион нуфус ҳамда салмоқли иқтисодий нуфузга эга минтақа азалдан Буюк ипак йўли бўйлаб ғоялар, маҳсулотлар алмашувида муҳим ўрин тутган. Бугун ҳам беш давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон) савдо-иқтисодий робиталар борасида улкан салоҳият касб этмоқда.
Малайзия юқори мартабали дипломати, хусусан, Ўзбекистоннинг минтақадаги алоҳида ўрнига тўхталган.
«Малайзияликлар Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий каби машҳур алломаларни яқиндан билади», – деган у.
Қ.Жаъфарнинг таъкидлашича, Малайзия Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришгач, биринчилардан бўлиб дипломатик алоқа ўрнатган. Ўтган 30 йил давомида энергетика, савдо-cармоя, таълим, маданият, туризм каби йўналишларда алоқалар ривожланмоқда.
Малайзия минтақада инсон ресурсларини сифат жиҳатдан янгилашга ҳам ҳисса қўшмоқда. Хусусан, Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) доирасида 1992 йилдан ҳозирга қадар 700 га яқин ўзбекистонлик мутахассис ҳамда талаба қисқа ва узоқ муддатли курсларда қатнашиш имконига эга бўлди. Қисқа муддатли курслар менежмент ва ижтимоий бошқарув, фан, технологиялар ва АКТ, иқтисодиёт, молия ва савдо, дипломатия, атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларни қамрайди. Малайзия, шунингдек, бакалавриат, магистратура ва докторантура каби босқичларда узоқ муддатли таҳсил учун ҳам стипендиялар ажратади.
«Малайзия нефть-газ сектори, шунингдек, инсон ресурсларини ривожлантириш дастурлари билан чекланмай, минтақа мамлакатларига самарали бошқарув, ислом молия тизими ва миллий тузилмаларни макрорежалаштириш каби йўналишларда ҳам ўз тажриба ва билимларини таклиф эта олади», – дея ҳамкорликнинг фойдаланилмаган йўналишларини очиқлади нотиқ.
Таъкидланишича, савдо-сармоя, таълим, туризм ва алоқа соҳалари Малайзия ва минтақа ҳамкорлигида стратегик йўналиш бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия ТИВ ўринбосари Қамаруддин Жаъфар жорий йил май ойида юртимизга келган ва ўзбекистонлик ҳамкасби Фурқат Сидиқов билан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, туризмни ривожлантириш, жумладан, мунтазам ва чартер рейсларини тиклаш масалаларини муҳокама қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter