Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ақтўбе фожиаси бўйича суд ҳукми: ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг оила аъзоларига товон пули тўланади

Ақтўбе фожиаси бўйича суд ҳукми: ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг оила аъзоларига товон пули тўланади

Фото: «Sputnik»

Қозоғистон Ақтўбе суди уч нафар автобус ҳайдовчисига ҳукм чиқарди. Уларга 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Транспорт компанияси таъсисчиси ва механик 3,5 йил озодликдан маҳрум этилди.

Бундан ташқари, судланувчилар ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг оила аъзоларига 2 миллион тенге (44 480 000 сўм) миқдорида (ҳар бир оилага) товон пули тўлайдилар. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Шу йил январь ойида Қозоғистон Ақтўбе вилояти Самара-Чимкент трассасида 57 нафар киши бўлган автобус ёниб кетди. Ёнғин оқибатида 52 киши ҳалок бўлди – уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Беш нафар киши, шу жумладан қозоғистонлик ҳайдовчилар омон қолди.

Ушбу жиноий иш бўйича беш нафар шахс айбдор деб топилди: уч нафар автобус ҳайдовчиси ва «Азия транзит сервис» корхонасининг икки нафар ишчиси – таъсисчи ва механик. Уларга рейсга чиқаришдан олдин автобусни текшириш мажбурияти бўлган.   

«Уч нафар автобус ҳайдовчиси 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини олди. Транспорт компаниянинг таъсисчиси ва механик 3,5 йил озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди», — деб таъкидлади суд вакили.

Судда ҳайдовчилар томонидан транспорт воситасини эксплуатация қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги аниқланди: автобус салонида йўловчилар исиниш учун лампадан фойдаланишган.

Компания раҳбарининг ҳаракатлари носоз автотранспорт воситасини чиқариш оқибатида икки ва ундан ортиқ шахслар ўлимига олиб келиш, шунингдек расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича квалификация қилинган.

Механикка эса носоз автотранспорт воситасини эксплуатацияга чиқариш оқибатида икки ва ундан ортиқ шахслар ўлимига олиб келиш бўйича айблар қўйилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг