Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Олтин тоғ» васвасаси: Навоийда жиноий гуруҳ қўлга олинди

«Олтин тоғ» васвасаси: Навоийда жиноий гуруҳ қўлга олинди

«Навоий тоғ-кон металлургия» комбинати таркибида олтин кукуни бўлган катта миқдордаги қум уюмлари тегишли чўл тизмаларию, яқин туманларнинг белгиланган ҳудудларида тўпланиб бориши ва бу қум тоғи келажакда қайта ишлаб, таркибидан олтин ажратиб олиш учун мўлжаллангани кўпчиликка маълум.

Узоқ йилларки, Навоий ва Бухоронинг қатор ҳудудларини туташтириб турувчи ҳудудларида қўним топган бу «олтин тоғ»лар маҳаллий фуқароларни ҳам оҳанрабодек ўзига жалб қилиб келган. Шундай қумларни айланма йўллар орқали ташишган, ўғирлашган, гуруҳ-гуруҳлашиб, турли жиноятлар содир этишган, ҳатто, тўс-тўполонгача боришган. Ушбу жиноятга қарши кураш кучайган сари уюшган жиноятлар содир этилиши сезиларли авом этиб келмоқда.

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёз Қосимовнинг «Xabar.uz»га билдиришича, яқинда яна худди шундай жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.

Моддий даромад олиш иштиёқи, олтин васвасаси ортидан нафс қурбонига айланган навбатдаги  жиноий гуруҳ аниқланган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ ўтган йилнинг ёзида Навбаҳор тумани «Қалқонота» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Сармишсой» тоғ тизмасидаги ер майдонларида яширин равишда ноқонуний олтин қазиш ишларини бошлашган. Жиноий гуруҳ бир неча ой фаолиятини давом эттириб, сунъий ҳовуз ва ағдарма майдонларни ташкил қилган. Унда кўплаб фуқаролар таркибида олтин бўлган тоғ жинсларини тўплаш билан шуғулланган.

ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими, вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати ҳамда ДХХ Навоий вилояти бошқармаси  ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир олиб борилган.

Қайд этилишича, жиноят аломатларини акс эттирган қум уюмлари ҳовуз, ағдарма ва турли буюмлар қонуний тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур жиноий гуруҳ фаолияти давомида таркибида 9 кг 928 грамм миқдордаги умумий нархи 15 миллиард 551 миллион 219 минг сўмлик олтин моддаси мавжуд бўлган тоғ жинсларини ўзлаштиришга эришган.

Кенг қамровли тезкор тадбир давомида ҳолатга жуда кўп ашёвий далиллар ҳам тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якунлари юзасидан ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг