Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Отабек Умаровнинг аварияга учраши тафсилотлари маълум бўлди

Отабек Умаровнинг аварияга учраши тафсилотлари маълум бўлди

Отабек Умаров.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров 13 февраль, шанба куни мотоциклни бошқараётиб, Тошкентнинг Мустақиллик шоҳ кўчасида, «Пушкин» метро бекати яқинида Epica русумли автомобиль билан тўқнашиб кетган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким вафот этмаган, Отабек Умаровнинг ўзи зудлик билан йўл-транспорт ҳодисасида қатнашган Epicaда шифохонага етказилган. Бу ҳақда Epicaнинг эгаси Бобур Маматов «Korrespondent.uz» нашрига берган видеоинтервьюсида маълум қилди. Видео 4 март куни эълон қилинган.

Интервьюда Бобур Маматов ҳодиса ҳақида ижтимоий тармоқлар ва бир қатор ОАВларда тарқалган тасдиқланмаган хабарларни рад этиб, бу хабарларда «кўрган ва эшитганлари ҳақиқатга мутлақо тўғри келмас»лигини маълум қилган. У ҳодиса ҳақида «узуқ-юлуқ ахборот» тарқалишига уларнинг «ўша жойдан тез ғойиб бўлиб қолгани» сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Ўша вақтдаги менинг истагим — мен сабаб шу одамга бирор кор-ҳол бўлиб қолмасин, уни тезроқ касалхонага етказиш керак, ҳолатини тезроқ билиш керак. Тез ҳаракат қилиш керак эди. Исталган жой қонагач, у жойни тўхтатмаса бўлмайди. Кутиб ўтиришга вақт йўқ эди. Шунинг учун дарҳол машинамга ўтказиб, олиб кетилди», — деди у.

Отабек Умаров мотоциклда келиб урилган Epica.

Фото: «Korrespondent.uz»

Бобур Маматов ҳодиса ЙТҲ иштирокчиларидан бирининг тезлиги юқори бўлгани оқибатида юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни ҳам инкор қилган. «Катта тезлик, дейишди. Шаҳарда машинада юрадиганларнинг ҳаммаси билади — соат 17:00 дан 20:00—21:00 гача шаҳарда юриб бўлмайди. Катта тезликда ҳам юриб бўлмайди», — деди Epica’нинг эгаси.

Таъкидланишича, ЙТҲ вақтида Epicaда Бобур Маматовдан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Айни вақтда, у ЙТҲнинг иккинчи иштирокчиси Отабек Умаров эканлигини ўша вақтда билмаган. «Гапнинг очиғи, Аллоҳ кўриб турибди, бу ўша одам эканлигини таниганим ҳам йўқ», — дея қўшимча қилган у. Маматовнинг алоҳида таъкидлашича, «асосийси — инсон ҳаёти, асосийси — Аллоҳга минг шукр — одам соппа-соғ, ҳаммаси жойида».

«Korrespondent.uz» нашри Отабек Умаровнинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот олиш учун унинг яқинлари билан боғланган. Маълум бўлишича, Умаров ҳозирда Жанубий Кореяда даволанмоқда, шу кунга қадар у икки ҳафталик карантинда сақланган. 4 март унинг операцияси ўтказилиши кутилаётган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг