Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тулки боласи қутқарилди

Тулки боласи қутқарилди

Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар «Қиргули» МФЙнинг Матруди кўчасида яшовчи фуқаро Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилояти бошқармасининг «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, хонадонига тулки кириб қолганини маълум қилди. Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Марғилон шаҳар Табиат ресурслари инспекцияси давлат инспекторлари айтилган манзилга боришди.

«Фуқаро хонадонига келиб қолган ҳайвон ҳақиқатдан тулки боласи эканлиги маълум бўлди. Жониворнинг аҳволи қониқарлилиги боис, Фарғона шаҳридаги ҳайвонот боғига далолатнома асосида бошқарма ходимлари томонидан топширилди», – дейди Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати ходими Г.Тўхтасинова. 

Маълумот ўрнида: одатда тулкилар тўда бўлиб яшамайдилар, улар ёлғиз яшашни маъқул кўрадилар. Тулкилар кундузига нисбатан кечаси яхши кўргани сабабли фақат тунда овга чиқади, шунингдек, улар соатига 50 км тезлик билан югуради. Худди қушлар каби тулкилар ҳам ердаги магнит майдони бўйича манзилини қидириб топа олади. Фарғона вилоятида ҳам – Қува тумани адирликлари, Марказий Фарғонанинг чўл ҳудудлари, вилоятдаги қирғоқ бўйи тўқайларида ҳам кўпроқ учраши аниқланган.

Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилоят  бошқармаси ўз вақтига хабар берган хонадон соҳибларига миннатдорчилигини билдиради.

Айтиш керакки, вилоят экоинспекторлари ОАВ билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган, ҳамда аҳоли билан ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш бўйича доимий тарғибот - ташвиқот ишлари олиб борилади. Натижада  аҳоли ва жамоатчиликнинг табиатни асраш борасида роли анча фаоллашган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг