Янги йил кечасидаги нохуш воқеа ортидан бир неча киши қамоққа олинди — ИИВ (видео)
Тошкент шаҳрида жойлашган «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни қўлбола ўт ўчириш мосламасини ёқиб, унинг портлаши натижасида одамлар жароҳатлангани ҳақида хабар қилинганди.
Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилганди.
Ички ишлар вазири матбуот хизмати ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов жараёни ҳақида маълумот берди.
Аниқланишича, портлаш мосламасини тайёрлашда турли кимёвий моддалар ва енгил автомобилнинг эҳтиёт қисмларидан фойдаланилган. Бу усулни бир неча йилдан бери қўллаб келаётган трактор ҳайдовчиси ўргатган.
«Машиналар орасидан ўтиб, йўлнинг ўртасидаги бордёрга қўйдик. Мен ўзим ёқдим. Ёққанимдан кейин 10 секундми, 15 секунддан кейин портлади. Воқеа жойида 2 дақиқача турганимдан кейин у ердан кетдим. Уйга бориб, телефонимни ўйнаб ўтирсам, икки бола жароҳатлангани ҳақида видео келиб қолди», — дейди ҳодиса ташкилотчиларидан бири.
Портлаш оқибатида М.С. (1997 йилда туғилган) қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши, М.А. (1999 йилда туғилган) ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати ҳамда Х.Н. (2006 йилда туғилган) ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси ташхиси билан турли кўринишдаги тан жароҳати олган.
Олиб борилаётган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида мазкур ҳодисага алоқадор бўлган 13 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. 5 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинган, яна 5 нафари маъмурий жаримага тортилган.
Айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 250-моддаси «б» (портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддага асосан айбдор шахслар 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter