Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижонда фуқаро ИИБ ходимлари қийноқларидан ўлди. Шу охиргисими?

Андижонда фуқаро ИИБ ходимлари қийноқларидан ўлди. Шу охиргисими?

Фото: «Xabar.uz»

Андижонлик А.Абдукаримовнинг ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилиши биринчи ва, катта эҳтимолки, охиргисиям эмас. Шов-шувлар тиниб, воқелик бироз унутилгач, ҳаммаси яна «эски ҳаммом, эски тос»га айланмаслигига кафолат йўқ. Қийноқлар ҳақида кейинги уч-тўрт йилда нисбатан очиқроқ гапирила бошланди. Бундай жирканч амалиётнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида баландпарвоз баёнотларни-ку, қўяверинг.

Бироқ, қани натижа?!

Қийноқлар камайиб, йўқ бўлиш ўрнига, аксинча, кўпаймоқда-ку?!

Муаммо илдизи кадрлар нўноқлигига боғланади кўпинча. Бу бор гап. Аммо тизимда қийноқ қўлланишига хайрихоҳлик кайфияти мавжудлигиниям, келинг, инкор этмайлик. Агар бундай кайфият бўлмаганида «ас-кадрлар» сонига барака кираверармиди?!. Энг қизиғи, фожиа жамоатчиликка ошкор бўлиб, инкор этишга тузуроқ важ топилмай қолгач, «...тизимга адашиб (?) кириб қолган нопок ходимлар тозаланаётгани» таъкидланишга тушилади. Худдики, тизим карвонсарой — бу даргоҳга «адашиб кириб» қолиш мумкиндай, гўё.

Иккинчидан, Жиноят-қидирув ва тергов (умумий жиноятларнинг учдан икки қисми бўйича тергов ҳаракатлари ички ишлар органлари томонидан олиб борилади, қолгани прокуратура ва ДХХ чекига тушган) битта тизимга бириктирилиши ўзини оқлаётгани йўқ. Оддий мантиқ: ЖҚБ ходими гумондорни «минг кўйга солиб», жиноятни «фош» этгач, «дело»ни бир бино остида ишлайдиган ҳамкасби — терговчига ўтказади. Терговчи эса, айбланувчининг оҳ-воҳларига кўпам қараб ўтирмайди, энди у нима қилиб бўлса ҳам ишни судга чиқариш пайига тушади. Чунки, ЖҚБ ходиминиям, унинг ҳам умумий раҳбари битта.

Раҳбарга эса «результат» керак!

Битта тизимнинг икки тармоғида тийиб туриш тамойили йўқ экан, натижа кутилганидек бўлмаслиги аниқ.

Прокурор-чи, у айблов хулосани тасдиқламаса «дело» судга чиқмайди-ку, дерсиз? Прокурорлар жиноят иши суддан «ўтиш-ўтмаслиги» масаласида яхшигина бош қотириши бор гап. Бироқ прокуратура фаолиятининг ЖҚБ билан кесишадиган йўллари анча. Шунданми уларда тизимга айрича муносабат шакллангани кимга сир?! Битта оддий мисол. Прокуратурада ички ишлар органлари фаолиятида қонунийликни назорат қиладиган катта бошқарма бор. Аммо бошқарма фаолияти хусусида жамоатчликкка бериладиган ахборотлар салкам анқонинг уруғи. Бунинг қуввати ўша «айрича муносабат»га бориб тақаладигандай. Оғзи полвон, қўли югурик тезкор ходимларда «гумондор прокурорга шикоят қилса-чи?» деган қўрқувнинг ўзи йўқлиги кўп нарсага далолат қилмаяптими?

Қисқаси, жиноятларни фош этиш тизими талабга жавоб бермаётгани алоҳида тергов қўмитаси ташкил этиш масаласини кун тартибига қўяверади.

Яқинда Бош прокуратурада қийноқлар мавзусидаги брифингда маҳкама раҳбари ўринбосари Светлана Ортиқова тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга катта эҳтиёж борлигини таъкидлаганди. Бундан англашиладики, ҳозирги ҳуқуқий тартибларнинг ўзи қийноқларга имконият яратмоқда.

Шундан келиб чиқиб, қуйидаги рақамларга юзланамиз: кейинги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари устидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар бўйича келиб тушган 757 та шикоятнинг 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилибди. Яъниким, шикоятларнинг 5 фоизи ҳам тасдиқланмаган, салкам 96 фоиз мурожаатлар асоссиз?!.

Оддий мантиқдан келиб чиқилса, шикоятларнинг 10-20 фоизи, борингки 50 фоизи тасдиқланмаслиги мумкиндир балки. Бироқ салкам 96 фоизи тақсдиқланмаслиги соғлом ақлга тўғри келмайди. Демак, шикоятларнинг тасаввурга сиғмас даражада тасдиғини топмаётгани қийноққа доир мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда (қийноқ ҳолатларига оид) ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга оширишнинг бугунги ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермаслигига боғлиқ. Бундай талабга жавоб бермас тартиблар рақамларда қандай акс этмасин, барибир муаммонинг асл моҳиятига таъсир ўтказмайди.

Юқордаги каби ҳолатлар айсбергнинг учи бўлишиям мумкин. Биз билмаган ва билишимиз мумкин бўлганлари қанча?!

Қисқаси, токи тизимда жиддий ислоҳотлар ўтказилмас экан, Андижонда гумондор ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилгани охиргиси эканига кафолат бериш қийин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг