Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Норбоева, Маруфова ва Ортиқовадан «бош шифокор иши»га эътибор қаратиш сўралди

Норбоева, Маруфова ва Ортиқовадан «бош шифокор иши»га эътибор қаратиш сўралди

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани билан боғлиқ шов-шувлар тинмаяпти.

Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ҳали якунига етмай Чирчиқ шаҳар прокурори Б. Иброҳимовнинг ОАВ орқали айбловлар гўёки тасдиқланганини «дастурхон қилвориши» сувни баттар лойқалатгани ҳақида ёзгандик.

Суддан аввал ўқилган ҳукмдай қабул қилинган прокурорнинг мазкур чиқишида айбсизлик презумпцияси тамойили қўпол равишда бузилганини унинг ўзи ҳам билса керак. Рост-да, инсон ҳуқуқларининг алифбоси ҳисобланмиш айбсизлик презумпцияси қандай ҳолатда бузилишини адлия катта маслаҳатчиси (польковник) рутбасига эга прокурор билмаслиги мумкин эмас. Била туриб, бунга тескари иш тутгани эса ҳозирча жуда катта жумбоқ бўлиб турибди.

Кеча Kun.uz сайтида «бош шифокор иши» яна бир карра кўтарилди. Прокурор (жиноят иши бўйича) «айтадиганини айтиб, деганини деб бўлгани» учунми мазкур мақолада ҳибсда сақланаётган Г. Йўлдошеванинг адвокатига сўз берилган. Турган гап, адвокат мижози айбсиз эканини таъкидлаб, қатор далиллар келтиради. Далиллар қанчалик тўғри ва асосли — бунга суд ҳуқуқий баҳо беради, албатта. Шу боис масаланинг айни нуқтасига тўхталмай, журналистлар қўйган бошқа оғриқли саволлар хусусида гаплашган маъқулдай.

Масалан, ҳозирги мураккаб даврда аҳоли саломатлигини сақлаш учун ажратилган маблағлар озмунча талон-торож қилингани йўқ. Яъниким, Қашқадарёда СЭОМ раҳбарлари томонидан 917,8 миллион сўм, Наманган вилоят СЭОМ мансабдорлари 248,9 млн сўм, Бухорода (инқирозга қарши жамғарманинг маблағларини талон-торож қилинган миқдори) – 202 млн сўм, Навоийда 509 млн сўм, Андижонда 160 млн сўм... Энг эътиборлиси, Меҳр-шафқат фонди мансабдорлари хайриядан йиғилган – 2,8 млрд сўм маблағларни талон-торож қилгани аниқланган. Мақолада шундай савол кўндаланг қўйиладики, талон-торож қилинган шунча маблағлар қасддан, кўр-кўрона ва эгри йўллар орқали ўзлаштирилган. Бироқ нафси ҳакалак отган мансабдорларнинг номи ошкор қилинмади, улар шартта «тиқиб» қўйилгани ҳам йўқ, Г. Йўлдошевага келганда бунинг аксини кўриш мумкин... Ҳолбуки, унинг бюджет маблағларини гўёки талон-торож қилгани катта савол остида турибди. Тўғри, Бош прокуратура жойлардаги СЭОМнинг нафси ҳалак отган айрим мансабдорлари етказилган зарарларни ўз вақтида қоплагани учун уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланмаганини билдирган. Бироқ ҳозирги қийин шароитда халққа хиёнат қилган «валломат»ларнинг ҳақиқий башарасини элга кўрсатиб қўйиш зарар қилмасди...

«Фақатгина муаммоларини ошкор қилишга журъати етган, раҳбарларига қарши сўз айта олган бош шифокор, не ажабки, зудлик билан қамоққа ташланди. «Унинг ҳаракатлари қайсидир «қўли узун» мансабдорга ёқмаган, бўлмаса, олти нафар вояга етмаган болаларнинг онаси бу тариқа қамоққа ташланмаган бўлар эди. Айби бўлса қамамасдан ҳам тергов қилиш мумкин эмасмиди?», дея таъкидлайди муаллифлар.

 Айни пайтда ҳибсда сақланаётган Гулжаҳон Йўлдошеванинг бошида қора булутлар унинг август ойида Kun.uz сайтига пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирусга чалинган беморларни ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмагани ҳақида интервью берганидан сўнг бошлангани айтилади.

Прокуратура эса буни аввалдан инкор этиб келаётгани сир эмас. Бироқ бош шифокорнинг ОАВдаги айни чиқишидан у раҳбарлик қилаётган шифохонага кетма-кет текширишлар юборилган, жумладан ижобий якун топган аввалги (айнан Г.Йўлдошева мазкур шифохонада амалиётини олиб борган давр мобайнидаги) текширувлар натижалари қайтадан текширилган. Бу тасодифми ё зарурият — судда аниқ бўлади, насиб... Зеро, ҳали тергов якунланмай (!) айблов ва ҳимоя томоннинг ОАВдаги чиқишлари, айни жараёнда жавобини кутаётган оғир-оғир саволлар бўлажак суд «ўзгача ўтиши»га далолат қилмоқда.

Муаллифлар мақола ниҳоясида «...аёлларнинг том маънодаги раҳнамосига айланиб улгурган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул бўлган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова ҳамда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовадан мазкур масалага эътибор қаратишлари»ни сўрашининг туб сабаби шунда бўлса, эҳтимол.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг