Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Европа Иттифоқи кўмагида мигрантлар учун марказ ташкил этилди

Европа Иттифоқи кўмагида мигрантлар учун марказ ташкил этилди

Тошкентда Европа Иттифоқи, Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Миграция сиёсатини ривожлантириш халқаро маркази (ICMPD) ҳамкорлигида Мигрантлар ресурс маркази очилди. Бу — мамлакатимизда ташкил этилган мигрантларни муҳофаза этишга хизмат қилувчи биринчи марказдир.

ЕИ молиялаштираётган «Protect: Ипак йўли ва Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда миграцияни бошқариш ва мигрантларни ҳимоя қилишни такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида очилган марказ минтақа бўйлаб меҳнат муҳожирларининг хавфсиз ва легал миграция хизматидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, одам савдоси таҳдидлари борасида хабардорликни оширишга хизмат қилади.

Ушбу ташаббус доирасида Марказий Осиё ва Буюк ипак йўли мамлакатлари ҳукуматларига миграция бошқарув тизимини такомиллаштиришга ҳам кўмак кўрсатилади.

«Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги илк Мигрантлар ресурс марказини ташкил этишга кўмак кўрсатаётганидан мамнун. Бундай марказлар инсонларга миграция борасида муҳим қарорлар қабул қилиш учун зарур маълумотларни тақдим этишда алоҳида аҳамият касб этади», — деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар.

Дипломатнинг таъкидлашича, ЕИ «Global Gateaway» стратегияси доирасида Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан транспортдан тортиб ижтимоий соҳага қадар — инсоний ресурсларни такомиллаштириш, ички имкониятларни ошириш йўлида ҳамкорликни давом эттиради.     

Бу — Брюссел кўмагида Марказий Осиёда мигрантлар учун ташкил этилган учинчи марказдир. Аввалроқ Душанбе (Тожикистон) ва Ўшда (Қирғизистон) ҳам шундай марказларга асос солинганди.

Тошкентда фаолият бошлаган марказ меҳнат муҳожирларини муҳофаза этиш қатори миграция бўйича миллий сиёсатни такомиллаштиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИ мамлакатимизда аҳоли бандлигини ошириш, таълимни меҳнат бозори билан боғлайдиган лойиҳани ишга туширганди.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида эса ЕИ билимлар маркази очилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг