Лавҳани «монтаж»сиз кўрсатинг! – депутатлар генерал Бобожоновга сўров юборди
Ички ишлар вазирлиги томонидан «босар-тусарини билмай қолган депутат» дея халқ вакили «олабўжи» қилиб кўрсатилган видеолавҳа сабаб бошланган баҳс-мунозаралар янаям жиддий кўриниш олди.
Айни масалада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга махсус сўров юборди.
Депутатлар сўровида вазир олидига учта масала қўйилган:
- ИИВ Ахборот хизмати томонидан эълон қилинган видеолавҳада фойдаланилган, жумладан, воқеа иштирокчиси бўлган ЙПХ инспекторининг хизмат «боди-камера»сида тасвирга олинган видео материалларни тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиш;
- Агар лавҳани тайёрлаш ва эълон қилишда нохолислик ёки бир тарафлама ёндашувга йўл қўйилган бўлса, ахборот хизмати масъулларининг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш ва бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилиниш;
- Воқеанинг якуний муҳокамаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ички ишлар вазирлиги томонидан ахборот бериш.
Мазкур сўровдан мақсад-муддао «...ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажарган ички ишлар ходимларига нисбатан нотўғри тушунча ва айбловларнинг олдини олиш ҳамда қоидабузар шахслар хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилиши кафолатлангани ҳақидаги жамоатчилик фикрини шакллантириш» экани таъкидланади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 апрель куни Наманган шаҳрига кираверишдаги «Қизилкўприк» постида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг депутати Т М. ва йўл-патруль хизмати ходимлари ўртасидаги тортишув келиб чиқади. Мазкур воқелик бўйича тайёрланган видеолавҳада Т. М. «босар-тусарини билмай қолган депутат» сифатида таърифланиб, у ИИБ ходимига қаршилик қилиб, погонини юлиб олганликда айбланади.
Ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилади. Прокурорнинг Т.М.ни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисдан киритган тақдимномасига аввалига қисман розилик билдирган Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши (16 апрель) орадан уч кун ўтиб, (тақдимномани) тамоман рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилади.
Шунингдек, маҳаллий кенгаш депутатлари айни шу йиғилиш қарори билан шаҳар прокурорига можаро иштирокчилари бўлган ИИБ ходимларининг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш лозимлиги билдиришади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter