Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманган. Прокуратура ва маҳаллий кенгаш «жанги» вилоят даражасига чиқмоқда!

Наманган. Прокуратура ва маҳаллий кенгаш «жанги» вилоят даражасига чиқмоқда!

Фото:«Kun.uz»

Ички ишлар вазирлигининг «босар-тусарини билмай қолган депутат» ҳақидаги видеолавҳа ортидан бошланган баҳс-мунозара ва шов-шувлар янги босқичга кўтариладиганга ўхшайди.

Ёдингизда бор, Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. гўёки профилактика инспекторининг телефонини синдиргани, уни тинчлантирмоқчи бўлган бошқа ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олганига оид ҳолат бўйича прокуратура Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.

Шундан сўнг Наманган шаҳар прокурори маҳаллий кенгашга депутатни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик бериш бўйича тақдимнома киритади.

Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши аввалига (16 апрель) депутатни жиноий жавогарликка тортишга розилик билдирган, бироқ тақдимноманинг унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш қисмини рад этганди.

Орадан уч кун ўтиб (19 апрель), маҳаллий кенгаш айни масалада яна бир йиғилиш ўтказар экан, унда (кенгашнинг) 16 апрель кунги қарори бошқатдан муҳокама этилади ва... бекор қилинади! Шунингдек, прокурорнинг тақдимномаси тамоман рад қилиш ҳамда (прокуратурага) ички ишлар ходимларининг ўзига қонуний чора кўришни масаласини ҳал қилиш ҳақида янги қарор қабул қилади.

Воқелар ривожининг кутилмаганда кескин ўзгариб кетиши яхшигина шов-шув келтириб чиқаргани бор гап. Шу боис айни пайтда бир савол кўндаланг турибди: энди бу ёғи нима бўлади?

Чамаси, маҳаллий кенгаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ( «депутат иши»  масаласида) «жанг» давом этадиганга ўхшайди.

«Xabar.uz» манбасига кўра, Наманган шаҳар прокурорининг тақдимномаси маҳаллий кенгаш томонидан рад қилингач, масалага вилоят прокуратураси «бош қўшиш»га тушибди. Айтилишича, энди вилоят прокурори депутат масаласида халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашига тақдимнома киритган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари мақоми тўғрисида»ги қонунда депутатни дахлсизлик ҳуқуқида маҳрум қилиш тартиби белгилаган. Унга кўра (12-модда): «Халқ депутатлари Кенгашининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, юқори турувчи прокурор тегишинча юқори Кенгашга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қарорни бекор қилиш ва масалани тегишли халқ депутатлари Кенгаши қайта кўриб чиқиши учун топшириш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақлидир» .

...Қисқаси, ҳозирча вазият шундай. Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши киритилган тақдимномага қандай муносабатда билдиради - ҳозирча бир нима дейиш қийин.

Воқелар ривожини диққат билан кузатишда давом этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг