Мисрда қўлга олинган «Жора Тошкентский» Ўзбекистонга олиб келинди
МДҲ давлатлари ҳудудида содир этилган қатор оғир ва ўта оғир жиноятларда гумон қилиниб, жиноят оламида «Жора Тошкентский» номи билан танилган Георгий Сорокин Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида қўлга олинди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
ИИВ маълумотига кўра, Георгий Сорокин 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У жиноят оламида «Жора Тошкентский» ҳамда «Сорока» лақаблари билан танилган.
Маълум қилинишича, у илк жиноятини 1990 йилда, 18 ёшида содир этган ва шунинг учун 7 йил озодликдан маҳрум этилган. Кейинги йилларда эса Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар ҳудудида содир этилган жиноятлар учун бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган.
Тергов маълумотларига кўра, Сорокин босқинчилик, талончилик, товламачилик, қурол ва гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш каби жиноятларда айбдор деб топилган. Шунингдек, унинг ёнидан узоқ йиллар давомида турли давлатларга сафар қилишда фойдаланган сохта Россия паспорти ҳам аниқланган.
ИИВнинг маълум қилишича, 2021 йилда у шериклари билан олдиндан тил бириктириб, Тошкент шаҳрида умумий қиймати 350 минг АҚШ долларига баҳоланган икки уйни товламачилик йўли билан эгаллаб олган. Иддао қилинишича, уй эгаси қўрқитилган, калтакланган ва унинг оила аъзоларига нисбатан ҳам зўравонлик қўлланилган. Натижада мазкур кўчмас мулклар унинг шериклари номига расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва у халқаро қидирувга берилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Интерпол каналлари орқали амалга оширилган халқаро ҳамкорлик натижасида Георгий Сорокин Мисрдан Ўзбекистонга олиб келинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter