Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фанлар академияси my.gov.uz хизматларидан қандай фойдаланади?

Ўзбекистонда илм-фан ва олий таълим соҳасини тубдан модернизация қилиш, бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш ҳамда шаффофликни таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланмоқда. “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, илмий кадрлар тайёрлаш тизимини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланди.

Янги тартибга кўра, олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва Олий аттестация комиссияси (ОАК) ўртасидаги ҳужжат алмашинуви тўлиқ электрон форматга ўтказилади. Энг муҳими, бу жараёнда инсон омили тўлиқ истисно этилиб, барча босқичларнинг холислиги ва тезкорлиги таъминланади.

Яқин келажакда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) базасида қуйидаги муҳим жараёнлар йўлга қўйилади:

Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тузиш жараёнлари тўғридан-тўғри портал базасига ўтказилиб, уларнинг узлуксиз ва шаффоф ишлаши таъминланади.

Изланувчиларга илмий даража ва унвонлар бериш билан боғлиқ барча амалиётлар рақамли муҳитда электрон тарзда амалга оширилади.

Олимлар ва тадқиқотчилар ўзларининг илмий даража ҳамда унвонлар дипломини ортиқча овворагарчиликларсиз, исталган вақтда Давлат хизматлари марказлари ёки бевосита my.gov.uz портали орқали олиш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу ислоҳот илмий жамоатчилик вакиллари учун вақтни тежаш, ортиқча қоғозбозлик ва идоралараро сарсонагарчиликларга барҳам бериш баробарида, мамлакатимизда рақамли ҳукумат хизматларининг қамрови янада кенгайиб бораётганининг яққол намунасидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг