Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқитувчиларини ишдан бўшатиш бўйича расмий кўрсатма берилмаган – вазирлик

Ўқитувчиларини ишдан бўшатиш бўйича расмий кўрсатма берилмаган – вазирлик

Бир муддат олдин  Касаба уюшмаси Республика кенгаши Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига жорий ўқув йилидан бошлаб В2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчиларини ишдан бўшатмаслигини сўраб, тақдимнома киритган эди.

Мазкур тақдимномага Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан берилган жавоб хатида  ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларига жорий ўқув йилидан бошлаб В2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчиларини ишдан бўшатиш бўйича расмий кўрсатма берилмаганлиги кўрсатилди.

«Меҳнат кодекси 10-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ҳамда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Мазкур кодекснинг 19-моддасида, ходим ва иш берувчи якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари эканлиги белгиланган. Шунга мувофиқ, Меҳнат кодексида, бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш бевосита якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари ўртасида ҳал этилиши лозим», – дейилади вазирликнинг жавоб хатида.

Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таклифига кўра, жорий йилнинг август ойида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан хорижий тил ўқитувчилари учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича қўшимча тест синовлари ташкил этиш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 312-сон қарорининг 9-бандига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг