Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёдгоров  «Бўстонлиқ масаласи»да берилган саволга яна изоҳ берди

Ёдгоров  «Бўстонлиқ масаласи»да берилган саволга яна изоҳ берди

Холмўмин Ёдгоров.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) судларнинг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муҳим ва долзарб масалалар бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтганидан хабарингиз бор.

Баҳс-у мунозарага бой ўтгани сабаб белгиланган вақтга «сиғмаган» тадбирда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «буз-буз»ларга доир масала ҳам кўтарилди. Бўстонлиқдаги айрим иморатлар бузилишига ойдинлик киритиш мақсадида ташкил этилган пресс-турда иштирок этиб, муҳокамалар марказида қолган Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров «қонига ташна» қилвораёзган айни масалага қуйидаги мазмунда изоҳ берди:

«...Аввало, айтишим керак: Бўстонлиқда ҳеч кимнинг уй-жойи бузилаётгани йўқ. Айни пайтда Бўстонлиқда дам олувчилар учун дала ҳовлилар, меҳмон уйлари етишмайди, бузиш эмас, аксинча қонуний тартибда қуриш масаласи кўтарилмоқда.

Ноқонуний қурилма ва дала ҳовли (дача)лар бўйича прокуратура ва маҳаллий ҳокимият томонидан  киритилган 26 та даъво-аризалари Олий суд томонидан кўриб чиқилди. Шундан, Болалар Сил касалликлари сиҳатгоҳи ёнида қурилган 12 та иморат, дачалар юзасидан ер ажратиш билан боғлиқ ҳужжатлар сохталаштирилгани, бунинг учун қатор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилаётгани факт! Муҳокамага сабаб бўлаётган дала-ҳовлилар болалар сиҳатгоҳи ҳудудида,  ҳам тоғдан келадиган сел йўлига қурилгани ҳам факт. Дала ҳовлилар 2019 йилда қурилган, бунга эътирози борлар  «google»  тизими орқали билиб олишлари мумкин.

Пресс-турда менинг иштироким ва ОАВ ходимлари билан мулоқотга киришганим мавжуд ҳолатлар бўйича берилган ахборот, холос (пресс-турда журналист ва блогерларнинг талаб ва истакларига кўра қатнашганини Х. Ёдгоров алоҳида таъкилади — таҳр.) Суд қарорларини тушунтириш суднинг бевосита ваколатига кириши,  Бўстонлиқдаги бузишга оид ишлар Олий суд судьялари томонидан биринчи босқич  тартибида кўриб чиқилгач, аёл киши ижтимоий тармоқларда «уйимни бузишяпти, чақолоғим билан қаерда яшайман», деб бонг урганидан кейин ўтказилган  пресс-турда бу борадаги саволларга Олий суд вакили сифатида тушунтириш беришим эса табиий ҳолат.

Илло, бундан суд қарорлари  қонуний, шикоятга ўрин йўқ, деган нотўғри маънони изламаслик керак. Суд қароридан норози бўлганлар Олий суднинг апелляция ёки кассация, ундан кейин назорат инстанцияларига мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжуд.  Ҳар икки босқичда низо бўйича чиқарилган суд қарорлари уч нафар судьядан иборат таркибда очиқ суд мажлисида кўрилади ва бунга Олий суд раиси ўринбосари сифатида аралашишга ваколатим йўқ, қонун  бунга йўл қўймайди.

Яна бир гап. Судга киритилган барча даъволар сидирғасига қаноатлантирилгани йўқ. 26 та иш кўрилган бўлса, шундан 3 та даъво рад қилинди, 8 таси кўрмасдан қолдирилди. Даъво қаноатлантирилган 2 та ҳолатда эса қурилма эгалари инсофли эгалловчи бўлгани боис суд томонидан уларга ер майдони ажратиб бериш ҳақида маҳаллий ҳокимликка мажбурият юклатилди. Суд қарорларига нисбатан  шикоят ҳозиргача келиб тушгани йўқ.

Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқдаги "буз-буз"ларга оид муҳокамалар менга чол ва набира ҳақидаги ривоятни эслатди, рости.  Эшитгансизлар-а буни? Чол набираси билан эшакка миниб бир қишлоқдан ўтса, одамлар эшакка жабр бўлибди, дейишибди.  Чол набирасини ўтқазиб, ўзи эшакдан тушиб пиёда юрса, бобой ўзига жабр қилибди, дейишибди. Чол ўзи эшакка миниб, набирани пиёда қўйганда уни набирага жабр қилганликда айблашган экан... Журналистлар билан учрашиш ва  изоҳ беришдан ўзимни тортганимда билмадим нима дейишган бўларди?!

Хуллас, айтарим шу», — деди пировардида Х. Ёдгоров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг