Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз» тарихидаги энг катта ҳажмда бурғилаш ишлари амалга оширилади

«Ўзбекнефтгаз» тарихидаги энг катта ҳажмда бурғилаш ишлари амалга оширилади

Бу йил «Ўзбекнефтгаз» тарихидаги энг катта ҳажмда бурғилаш ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати томонидан ўтказилган брифинг давомида батафсил маълумот берилди.

Брифингда маълум қилинишича, жорий йилда 103 та қудуқ, шу жумладан, 58 та излов-қидирув қудуғи, 45 та ишлатиш қудуғини бурғилаш режа қилинган.

Геология қидирув ишларини жадаллаштириш, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида 20 та инвестиция блоки учун рухсатномалар олинди.

Геология-қидирув асбоб-ускуна паркини модернизация қилиш ҳамда уларга замонавий ускуналарни жалб қилиш мақсадида 12 та бурғилаш дастгоҳи, 2 та 3D сейсмик мажмуа ва 100 дан ортиқ каротаж асбобини харид қилиш юзасидан хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилди.

Жамиятда шунингдек, товар-моддий ресурслар нархларини мақбуллаштириш, юқори фоизли кредитлар бўйича ставкаларни пасайтириш, қўриқлаш тизимини рақамлаштириш орқали харажатларни камайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дебитор қарздорликларни ундириш, ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар натижасида товар моддий ресурслар ва хизматлар нархлари пасайтириш орқали 766 млрд сўм иқтисод қилинди. Бу кўрсаткич йил якунига қадар 2,5 трлн сўмга етиши кутилмоқда.

Шунингдек, соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш орқали сақлаш харажатлари дастлабки икки ойда 3 млрд сўмга қисқартирилди, йил охиригача қўшимча 33 млрд сўм иқтисод қилиш режалаштирилган. Қурилиш ва бурғилаш лойиҳалари қийматини оптималлаштириш ҳисобига эса йил бошидан 154 млрд сўм тежалди ва йил якунида мазкур кўрсаткич 1,7 трлн сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

Бундан ташқари Марказий аппаратда ходимлар функцияларини қайта тақсимлаш, такрорланаётган вазифаларни бирлаштириш орқали ходимлар сони 875 нафардан 610 нафар (29 фоиз)га оптималлаштирилди. Қўриқлаш хизматини рақамлаштирилиши ва лабораторияларнинг янгича тизимда ишлаши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратиши белгиланди.

Жамиятда инсон капиталига устувор аҳамият қаратилиб, ходимлар манфаати алоҳида муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Чунки, тармоқда барқарор ривожланиш аввало, инсон капиталига боғлиқ. Юқорида қайд этган иқтисодий самаранинг маълум бир қисми қуйидаги муҳим ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилади.

Хусусан, ходимларнинг ойлик маошларини ошириш, иссиқ овқат, мавсумий оёқ кийим билан таъминлаш, талабга жавоб бермайдиган эски автобуслар ўрнига хавфсиз ва қулай бўлган, замонавий автобуслар сотиб олиш, 200 ўринли ётоқхона, 160 ўринли ошхона ва конференц зали қурилиши учун 280 млрд сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, кон ва объектларда мавжуд ишчилар шаҳарчасидаги ётоқхона, хожатхона, ювиниш ва ошхоналарнинг босқичма-босқич капитал таъмирланиши, гигиеник анжомларни янгилаш ҳамда зарур маиший жиҳозларни харид қилиш ва кирювиш хоналарини ташкиллаштиришга ҳам маблағлар йўналтирилади.

Дастурнинг яна бир асосий мақсади — табиий газ ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Жамият томонидан

  • тозаланган табиий газ 2,276 млрд м3 (режага нисбатан 109,4%),
  • газ конденсати 78,2 минг тонна (режага нисбатан 109,1%),
  • суюлтирилган газ 85,7 минг тонна (режага нисбатан 108,2%),
  • олтингугурт 28 минг тонна (режага нисбатан 124%),
  • полиетилен маҳсулоти 21 минг тонна (режага нисбатан 104,2%) ишлаб чиқарилди.

Ижтимоий соҳа талабини қондириш мақсадида аҳоли ва хусусий тадбиркорларга 88,8 минг тонна (режага нисбатан 111,6%) суюлтирилган газ етказиб берилди.

Бугунги кунда “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан синтетик нефть маҳсулотларини барқарор ишлаб чиқариш таъминланмоқда. Белгиланган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида заводда ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан 33 минг тонна кўп синтетик нефть маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 318 фоизни ташкил этди.

Қайд этиш жоизки, 50 кунлик натижалар тизимда белгиланган қисқа муддатдаги тактик чоралар эмас, балки тармоқни тубдан янги босқичга олиб чиқиш, трансформация қилишга қаратилган муҳим, стратегик аҳамиятга эга ислоҳотлар натижасидир.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг