Тошкентда ЕИБнинг минтақавий ваколатхонаси очилди
Европа инвестиция банки (ЕИБ) Тошкент шаҳрида Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини очди.
Очилиш маросимида қатнашган ЕИБ вице-президенти Марек Мора банкнинг Марказий Осиёда инвестиция лойиҳалари портфели кенгайиб бораётгани, минтақавий ваколатхона ҳам мазкур молия институтининг минтақа бўйлаб фаолиятини янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
«Ҳудудда бевосита фаолият юритиш бизга тезроқ ҳаракат қилиш, ҳамкорларимиз билан яқиндан ишлаш ва ғояларни амалий лойиҳаларга айлантириш имконини беради. Биз транспорт ва энергетикадан тортиб сув ва рақамли инфратузилмагача бўлган соҳаларда катта имкониятларни кўрмоқдамиз», — деди ЕИБ вице-президенти Марек Мора.
ЕИБ Марказий Осиёда 2009 йилдан буён фаолият юритиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистонда операцияларни амалга ошириб келмоқда.
2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитида EIB Global Европа Иттифоқи ва «Европа жамоаси» (Team Europe) билан яқин ҳамкорликда минтақа бўйлаб «Глобал дарвоза» устувор йўналишларига мос лойиҳаларни молиялаштириш бўйича янги ташаббусларни эълон қилди.
EIB Global — Европа инвестиция банкининг ривожланиш бўйича фаолият юритувчи бўлинмаси сифатида Марказий Осиё бўйлаб барқарор транспорт алоқалари, энергетика, сув таъминоти, рақамли инфратузилма ва иқлимга чидамлилик соҳаларидаги инвестицияларни қўллаб-қувватламоқда.
2017 йилда асосий битим имзоланганидан буён Ўзбекистон EIB Global учун Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорлардан бирига айланди.
Молия муассасаси Марказий Осиё бўйлаб лойиҳа портфели қарийб 3 миллиард еврога етаётган бир пайтда, жумладан, Транскаспий транспорт йўлагини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда транспорт, иқлим бўйича чора-тадбирлар, энергетика, рақамли ўзаро боғланиш ва муҳим хомашё ресурслари соҳаларида тахминан 1 миллиард еврогача лойиҳаларни амалга оширмоқда.
EIB Global Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда «Ўзбекистон–2030» стратегияси ва Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган истиқболли операциялар портфелини ишлаб чиқмоқда.
Маълумот ўрнида: ЕИБ гуруҳи Европа Иттифоқининг молиялаштириш институти бўлиб, у дунёдаги энг йирик кўп томонлама тараққиёт банкларидан биридир. 2025 йилда ЕИБ гуруҳи Европа Иттифоқи сиёсий мақсадларини қўллаб-қувватловчи саккизта устувор йўналиш бўйича 870 дан зиёд лойиҳа учун 100 миллиард евро миқдорида янги молиялаштириш ва маслаҳат хизматлари бўйича битимлар имзолади. Ушбу устувор йўналишлар қаторига иқлим ва атроф-муҳит, рақамлаштириш ва технологик инновациялар, хавфсизлик ва мудофаа, ҳудудий бирдамлик, қишлоқ хўжалиги ва биоиқтисодиёт, ижтимоий инфратузилма, кучли глобал ҳамкорликлар ҳамда жамғарма ва инвестициялар иттифоқи киради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter