Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европа давлатида оммавий намойишлар. Сабаб — Трампнинг куёви...

Европа давлатида оммавий намойишлар. Сабаб — Трампнинг куёви...

Кушнер муҳофаза ҳудудида ҳашаматли курорт қуришни таклиф этмоқда.

Фото: New York Post

Европа жануби-шарқидаги кичик давлат — Албанияда минглаб киши иштирокида норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Бунга эса АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер илгари сурган ҳашаматли курорт қуриш лойиҳаси сабаб бўлди.  

Адриатика денгизи соҳилидаги муҳофаза этиладиган ҳудудда Жаред Кушнернинг Affinity Partners ширкатига алоқадор Atlantic Incubation Partners фирмаси серҳашам дам олиш зонаси бунёд этмоқчи.

BBC нашри ёзишича, Албания ҳукумати ушбу лойиҳага стратегик сармоя мақомини тақдим этган. Бу эса узоқ давом этадиган розилик олиш жараёнлари ва танловларни четлаб ўтиш имконини беради.

Эътиборга молик жиҳати, Албания бош вазири Эди Рама ҳукумати ушбу лойиҳани 2025 йил январ ойида, яъни Трамп президентлик лавозимига киришиши билан маъқуллаган. 

Оммавий норозилик намойишлари ўтган ҳафтада бошланган эди. Намойишчилар Адриатика денгизи соҳилидаги қўриқхона зонасида олиб борилаётган кенг кўламли қурилишлар ҳам соҳилдаги, ҳам денгиздаги табиатга тиклаб бўлмас даражада зарар етказишини таъкидламоқда.

Кушнернинг лойиҳаси Албания жанубидаги Звернец яримороли ва унга яқин бўлган кичик Сазан оролини қамраб олади. Мазкур ҳудудда меҳмонхоналар, виллалар, ресторанлар, яхталар порти қуриш, шунингдек, Сазандаги кўп километрли туннеллар ва истеҳкомларни кўнгилочар масканларга айлантириш режалаштирилган.

«Совуқ уруш» даврида бу орол ўнлаб йиллар давомида ёпиқ ҳарбий база бўлган.

«Лойиҳанинг бошидан охиригача шаффофлик кузатилмади. Рухсатномаларга оид жамоатчилик маслаҳатлашувлари ёки оммавий ҳужжатларни кўрмадик», — дейди Албаниядаги табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти (PPNEA) ижрочи директори Александр Трайче.

Politico нашри қайд этишича, бадавлат хорижий инвесторлар ўзига тўқ сайёҳлар учун меҳмонхоналар қуриш мақсадида мамлакатнинг табиий бойликларига дахл этаётгани албанларга маъқул келмаётир.

Фламинголар, тошбақалар яшайдиган ва Европанинг инсон қўли тегмаган дарё делталаридан бири жойлашган қўриқхона ҳудуди яқинида 10 минг ўринли курорт қуриш лойиҳаси йирик намойишларга сабаб бўлмоқда. Бу Албания 1991 йилда коммунизмдан воз кечганидан бери кузатилаётган энг йирик намойишлар деб баҳоланмоқда.

«Фламинго инқилоби» деб ном олган ушбу ҳаракат тор доирадаги экологик норозилик акциясидан Албаниянинг бутун ҳукмрон табақасига қарши қаратилган умуммиллий кампанияга айланди.

«Фламинго инқилоби».
Фото: Reuters

Пойтахт Тиранадаги намойишчилар буни Албания тарихида коммунизм қулаганидан кейинги энг муҳим палла деб атамоқда.

Жаред Кушнер аввал ҳам баҳсли лойиҳалар сабаб халқаро можаро марказида қолгани маълум. Хусусан, The Guardian газетаси Кушнернинг Ғазо секторидаги тинчликпарвар миссияси ортида эҳтимолий тижорий манфаатлар турганини фош этган, Трампнинг куёви Яқин Шарқ дипломатиясини тижорий манфаатларга қориштириб юборгани ҳақида ёзган эди.

Кушнер таклиф этган Ғазо секторини тиклаш бўйича лойиҳа АҚШда яшаётган фаластинлик ёзувчи Сюзан Абулхава томонидан «империалистик режа» деб аталганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг