Байден АҚШ фуқароларини зудлик билан Украинани тарк этишга чақирди
АҚШ президенти Жо Байден Украинада бўлиб турган барча америкаликларни мамлакатни тарк этишга чақирди. Бу ҳақда NBC News телеканалига берган интервюсида айтиб ўтган.
«Америка фуқаролари ҳозир у ерни тарк этиши керак. Бу бутунлай бошқача вазият ва ҳамма нарса тезда остин-устун бўлиши мумкин», —деган Байден.
Унинг қайд этишича, АҚШ Украина атрофидаги вазиятда «террорчи ташкилот билан эмас, балки дунёдаги энг йирик армиялардан бири билан иш олиб бормоқда».
Қўшма Штатлар президенти Вашингтон Украинага ўз қўшинларини юбормаслигини айтди, чунки бу жаҳон урушини бошлаш учун баҳона бўлиши мумкин.
«Йўқ, қачонки америкаликлар ва руслар бир-бирига қарата ўқ узишни бошласа, бу жаҳон урушига айланади», — деган Байден қандай ҳолат уни Украинага қўшин юборишга мажбур қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Аввалроқ Давлат департаменти Украинадаги фуқароларига зудлик билан чиқиб кетиш бўйича тавсиянома берган эди.
«АҚШ фуқаролари Украинага саёҳат қилмасликлари керак. Украинадагилар энди тижорат ёки жисмоний шахслар учун мавжуд бўлган бошқа транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда чиқиб кетишлари керак», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.
АҚШ Давлат департаменти «Россия Украинанинг бирон бир жойида ҳарбий ҳаракатлар содир этса, АҚШ фуқароларини эвакуация қила олмайди», деган.
АҚШ президенти, шунингдек, америкалик фуқароларнинг Украинадан қайтиши оқилона қарор бўлишини таъкидлаган.
Шу билан бирга, The Hill нашри Америка маъмуриятининг номи ошкор этилмаган вакилига таяниб, Қўшма Штатлар ўз фуқароларини Украинадан оммавий эвакуация қилиш режаларини тайёрламаётгани ҳақида хабар берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter