Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Байрам арафасида Сурхондарёга чипта йўқ. Нега?

Байрам арафасида Сурхондарёга чипта йўқ. Нега?

Тошкент вокзали

Фото: «Wikipedia.org»

Шифокорга кўриниш учун қишлоқдан келган укамни Янги йил арафасида уйга жўнатмоқчи бўлдим. Операция қилинганига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, байрамни уйда, оила даврасида кутиб олишни хоҳлади.

Жарроҳлар узоқ йўлга енгил автомобилда кетиш қийинлигини, укам учун поездда қулай вагондан жой олиб беришимни тайинлашди. Аммо укам кетадиган куни яъни 27 декабрь санасида поездга чипта топилмади. Унгача ҳар куни Тошкент вокзалида «сарғайдим», бироқ натижа йўқ. Кассадагилар «ўша куни эрталаб келинг, қўшимча вагон қўйилади, айни пайтда 31 декабргача барча билетлар сотилиб бўлган», дейишди.

Айтилган кун ҳам келди. вокзалга борсак, кеч қолганимиз, билетлар 9:00 гача сотилиб кетгани, эртага эртароқ келсак, балки, олишимиз мумкинлигини айтишди. Одам кўп, навбатда турганларнинг деярли ярмига билет етмай қолибди. Юқори хизмат кўрсатувчи (VIP) залга мурожаат қилиб, вазиятни тушунтирдим. У ерда ҳам шу гап, аммо кассир қизнинг айтишича, кечқурун соат 17:00 да хабар олсак, билет бўлиши мумкин экан.

Эртага эрталабдан ҳаракат қилиб кўрсакмикан, деган хаёлда кўчага чиқдик. Шу маҳал йўл четида турган йигитларнинг «билетлар бор, билетлар...», деб бақираётганини эшитдик. Бирпас кузатиб турдик. Боя навбатда туриб билет ололмаган бир аёл улар билан гаплашиб, қўлига паспорти ва бир даста пул узатди. Кетаётганда ҳалиги йигит «кечқурун соат олтида шу ерда бўлинг, хола», деди. Кейин биз ҳам ундан Сурхондарёга чипта сўрадик. У бўлса бизни ҳайратда қолдириб, «Ака пулини берсангиз, хоҳлаган вагонингизга жой топиб бераман», деди.

Буни қаранг, кассада билет йўғ-у, булар хоҳлаган жойга чипта топиб бераркан. «Уддабурон»ларнинг ғурур билан таъкидлашича, нафақат Сурхондарё, балки барча вилоятлар, ҳатто, чет давлатларга ҳам исталган вақт ва вагонга чипта топиб бериш қўлларидан келаркан. Ана бўлмаса...

Фақат уларнинг хизмат ҳақини тўласангиз бўлди. Кассада 80-90 минг сўм атрофидаги билетлар буларда 130 минг сўмдан экан. Мен уларнинг бу ҳаракатидан бир жаҳлим чиқса, ишим битишини ўйлаб бир хурсанд бўлдим. Бироқ у айтган нарҳга пулим камлик қилиб, арзонроқ беришини сўрадим. «Уддабурон» эса пинагини ҳам бузмай, «хоҳласангиз шу» дегандек жим тураверди. Охири, келишолмадик. Улардан ўтиб яна шундай «олиб-сотарлар»га дуч келдик. Кейин билсак, вокзал атрофида бундайлар кўп экан. Ҳарна, буларда инсоф бор эканми, бироз арзонроққа кўнишди.

Ўзини Баҳриддин деб таништирган йигит кимларгадир қўнғироқ қилиб гаплашди. «Иш» ҳал бўлди шекилли укамни олиб кассага кетди. Кўп ўтмай қўлида билет билан қайтди. Унинг айтишича, бу чипта Самарқандгача олинган экан. «У ёғига Рустам деган вагон хизматчисига ҳақини бериб манзилга эсон-омон етиб оласиз», деди .

Поезд жўнаш вақтига бироз қолганда вокзалга кириб, укамни кузатиш учун вагонга чиқдим. Бироқ укамга берилган чипта умумий вагонга бўлгани учун ётиб кетишга шароит йўқ эди. Баҳриддин акага қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирсак, «бўлиши мумкин эмас, мен ҳозир қўнғироқлашиб айтаман», дея телефонни ўчирди. Шундан сўнг унинг телефонига тушиб бўлмади. Поезд жўнайман деган вақтда вагон назоратчисига укамнинг аҳволини айтиб, иложи бўлса, хонасидан жой қилиб беришини сўрадим. У ҳам бироз ялинтириб, «ҳақи»ни олгач кўнди.

Амаллаб укамни кузатиб, вокзал ташқарисига чиқдим. Қарасам, бизга билет сотган йигитлар ҳалиям турибди. Шартта олдига бориб, ёқасидан олдим. Нега алдаганини тушунтиришини сўрадим. «Ака, сизга айтиш ёдимдан чиқибди. Берган чиптам фақат вокзалга кириб олиш учун эди. Укангиз кейинги поездга чиққанда Рустам унга энг зўр вагондан жой тайёрлаб қўйган эди», деб баҳона қилди.

Бошимдан ўтган шу воқеа сабаб олғирларнинг ишини бироз кузатиб турдим. Уйига шошган кўплаб йўловчилар мен танлаган йўлни тутмоқда. Кассада чипта йўқ бўлади-ю, барибир шунча одам турли йўллар билан вагонга чиқади. Уйга эсон-омон етиб борган укамнинг айтишича, вагоннинг бир нечта ўриндиғи манзилга етгунча ҳам бўш кетибди. Укамнинг чиптаси Самарқандгача бўлса ҳам, Сурхондарёгача ҳеч ким «бу менинг жойим», деб келмабди. Атрофидаги кўплаб йўловчилар шу йўл билан поездга чиққанини айтишибди. Хўш, нега вагонларда жой бўлатуриб, аҳолига чипта сотилмайди? Наҳотки, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ буни назоратга ололмайди?

Атрофга назар солдим, ҳалиям уддабурон «олибсотар»лар билет сотиш дардида бақириб-чақирмоқда. Мижозлар эса керагидан кўп...

Нуриддин Норсаидов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг