Centrum Air флоти 15-ҳаво кемаси билан бойиди
14 феврал куни соат 00:30 да Ўзбекистоннинг Centrum Air хусусий авиакомпанияси авиапаркидаги 15-ҳаво кемаси бўлган тўртинчи кенг фюзеляжли Airbus А330-343 самолёти Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнди.

Янги Airbus А330-343 самолёти УК33033 рўйхат рақамини олди. Бу узоқ масофали рейсларни бажаришга мўлжалланган замонавий кенг фюзеляжли йўловчи лайнеридир. Узайтирилган фюзеляж ва оширилган парвоз масофаси ҳаво кемасига юқори сиғим ва қулайлик даражасини таъминлаш имконини беради: салон 305 йўловчига мўлжалланган бўлиб, ундан 18 та ўрин йўловчиларга қўшимча жой ва юқори даражадаги қулайликни таклиф қилувчи премиум-эконом классига тегишли.

Самолёт узоқ йўналишларда самарали ишлашни, парвознинг равонлигини ва оптимал шовқин даражасини таъминлайдиган кучли ва ишончли Rolls-Royse Trent 772Б-60 двигателлари билан жиҳозланган. Замонавий интерер ечимлари, салоннинг яхшиланган эргономикаси ва ўриндиқларнинг пухта ўйланган конфигурацияси ҳам ўрта, ҳам узоқ масофаларга қулай саёҳат қилиш учун шароит яратади.

Флотнинг янги Airbus А330-343 билан тўлдирилиши Centrum Air компаниясининг узоқ масофали ташувларни ривожлантириш ва йўналишлар тармоғини кенгайтириш стратегиясидаги навбатдаги қадамидир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter