Энди солиқ текширувлари тўлиқ видеотасвирга олинади
Ўзбекистонда солиқ назорати тадбирларини ўтказиш тартибига янги талаблар жорий этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 154-сонли қарори билан солиқ текширувларини видеотасвирга олиш тартиби белгиланди.
Қарорга мувофиқ, «Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.
Эндиликда назорат тадбирлари солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан бериладиган махсус буйруқ асосида видеога олинади.
Низомга кўра, солиқ органлари томонидан ўтказиладиган бир қатор назорат жараёнлари мажбурий равишда видеотасвирга олинади. Жумладан, солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш, хронометраж кузатувлари, ишчи ва ходимлар сонининг ҳисоботлар билан мувофиқлиги текширилиши қайд этилади.
Шунингдек, назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши ҳам видеога олинади.
Қарорга кўра, видеотасвирга олиш жараёни солиқ тўловчилар фаолиятига халал бермаслиги шарт. Яъни текширув тадбирлари иш жараёнини тўхтатмасдан амалга оширилади.
Шу билан бирга, назорат натижалари бўйича тузиладиган далолатномада видеога олиш қурилмаси ҳақида маълумотлар ва қайд этилган ҳолатлар алоҳида кўрсатилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter