Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ерларни хусусийлаштириш бўйича янги онлайн тизимга ўтилади

Ерларни хусусийлаштириш бўйича янги онлайн тизимга ўтилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Бош режаси йўқ деган баҳона билан 2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилган

Ҳокимларга бунинг оқибатида 4 минг гектар ерни активга айлантириш, хусусийлаштириш ҳисобидан бюджетга 550 миллиард сўм қўшимча тушум бой берилгани кўрсатиб ўтилди. Уч ойда ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтиш топширилди. 

Бош режаларни тасдиқлаш орқали жуда катта мақсад ва вазифалар белгиланмоқда. Лекин бош режада кўрсатилган сув, канализация, иссиқлик, газ, электр линиялари, йўллар қачон, қайси навбатда ва қандай манбалар ҳисобидан қурилади деган саволга жавоб йўқлиги танқид қилинди. 

Аслида, ҳар бир бош режани рўёбга чиқариш бўйича йилма-йил комплекс дастур қилиниб, аҳоли, тадбиркор ва масъулларга етказилиши кераклиги қайд этилди. Бундай дастурлар йўқлиги учун ҳам инфратузилмага 1 сўмлик харажат кетадиган жойга 2-3 карра кўп маблағ сарфланаётгани, пала-партиш қурилишлар ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Ҳар бир вилоят ҳокимига икки ойда вилоят ва туман марказларининг тасдиқланган бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш топширилди. 

Мутасаддиларга комплекс дастурлардаги тадбирларнинг қайси бири республика ва маҳаллий буджетдан, қайсилари халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан бўлишини аниқ белгилаб бериш вазифаси қўйилди.

Дунёда қурилиш индустрияси шиддат билан ўзгаряпти, соҳага замонавий лойиҳа ечимлари, янги технология ва стандартлар кириб келмоқда. 

Президентимиз мамлакатимиздаги қурилиш тизими бугунги ўзгаришларга қанчалик мослиги, соҳа раҳбарлари замон талаб қилаётган тезкорлик ва сифат бўйича масъулиятни ҳис қилаётгани, сейсмология ва зилзилабардошлик бўйича хавфларни инобатга олиб, янги ечимлар ишлаб чиқилаётгани борасида саволлар кўплигини қайд этилди. 

Тадбиркорлик учун йилига 6,5 минг гектар ер, 600 минг квадрат метрли бино-иншоотлар савдога чиқарилмоқда, кичик ва ўрта бизнес учун 140 триллион сўм ресурс берилмоқда. 

 Лекин ер, кредит каби асосий масалалари ҳал бўлган тадбиркорлар қурилишни бошлаш босқичда тўсиқларга учраётгани кўрсатиб ўтилди. 

Тадбиркорларнинг ҳали активга айланмаган ерига солиқ, кредитига фоиз ҳисобланяпти, лекин бюрократия, коррупция, сансалорлик кўплиги учун қурилишни бошлаш ойлаб, йиллаб чўзилаётгани танқид қилинди. 

Шу боис, соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, мингдан ортиқ қурувчи ва лойиҳа ташкилотларининг таклифлари олинди. Йиғилишда ушбу таклиф ва ташаббуслар асосида ишлаб чиқилган янги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. 

Сўнгги тўрт йилда ауксионда сотилган 11,5 минг гектар ердан 3 минг гектарида қурилиш бошланмаган. Оқибатда қўшимча 100 минг иш ўрни, 20-25 триллион сўм қўшилган қиймат йўқотилаётгани қайд этилди. 

Аукционга чиқарилган 582 гектар ер участкаси, 122 та давлат объекти бир йилдан бери сотилмай турибди. 

Чунки хусусийлаштириш дастурини қабул қилишда ҳам, объектларни сотишда ҳам ҳокимларнинг ўрни билинмаётгани, тадбиркорларнинг фикри олдиндан ўрганилмаётгани қайд этилди. Аслида, ҳар объектни сотишда ҳудудга инвестиция, маҳалла учун иш ўрни биринчи ўринда бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. 

Эндиликда хусусийлаштириш дастурига объектларни киритиш, уларни сотиш ва инвестиция самарадорлиги бўйича ҳокимлар Давлат активлари агентлиги билан тенгма-тенг жавоб бериши белгиланди. 

Хусусийлаштириш доирасида бўлиб тўлаш шарти билан сотилган объектлар учун қолдиқ суммага ҳар йили 14 фоиз устама ҳисоблаш бекор қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг