«Газета.uz»га ҳам «огоҳлантириш хати» юборган АОКА тезда жавобни олди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)нинг «Газета.uz» сайтига юборган «огоҳлантириш хати» яна бир кескин эътирозга сабаб бўлди.
Сайтга кўра, агентлик COVID-касалхоналари беморлари статистикаси ва ССВнинг коронавирус беморлари тўғрисидаги маълумотлар таққосланган янгиликни эълон қилгани учун «жиддий ҳуқуқий оқибатлар» ҳақида огоҳлантирган. «Биз огоҳлантириш хатига таҳририятни «ноқулай» саволлар беришдан тўхташга мажбур қилишга уринишни эслатадиган кескин жавоб деб қараймиз», дея муносабат билдирмоқда сайт журналистлари.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хатида қайд этилишича, «тўла текширилмаган маълумот асосида эълон қилинган хабар ва унинг кетидан билдирилган муносабат жамоатчиликда нотўғри фикрга олиб келган». АОКАнинг қўшимча қилишича: «Бу эса, ўз навбатида, мамлакат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин» экан.
«Газета.uz» масалани бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблайди ва бу нуқтаи назар бизнингча ҳам тўғри! Зеро, COVID билан касалланганлар ва шу офат сабаб вафот этганларга оид статистикада жамоатчиликда жиддий шубҳа туғдираётгани бор гап. Бу ҳол Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилаётган айрим маълумотларнинг ўзида ошкор бўлиб қолмоқда.
Ҳукуматга савол бериш, фуқаролар фикрини унга етказиш — демократик жамиятдаги ОАВнинг асосий вазифаларидан биридир. Ушбу ҳолатдаги ўқувчиларнинг изоҳлари (уларнинг мазмуни қонунчиликни бузмайди) жамиятдаги кайфиятнинг индикатори бўлиши мумкин, лекин ОАВга қарши санкция қўллаш учун сабаб эмас, дея алоҳида таъкидлайди сайт АОКАнинг огоҳлантириш хатига жавобан.
Маълумки, куни кеча АОКА бош директори Асад Хўжаев газ ва свет таъминотидаги оғриқли муаммоларни кўтариб чиққан «Kun.uz» сайтига ҳам огоҳлантириш хати юборганди. Мазкур хатни «журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш» деб баҳолаган «Kun.uz» сайти журналистлар билан «курашиш» ўрнига мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратишга чақирди.
«Газета.uz» таҳририяти «Kun.uz»ни қўллаб-қувватлаши ва унинг чақирувларига қўшилишини билдирган.
«Xabar.uz»нинг позицияси ҳам шундай ва бошқача бўлиши мумкин эмас!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter