Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИТБ Жиззахдан ўтадиган йўл ва 50 дан ортиқ мактаб қурилиши учун маблағ ажратади

ИТБ Жиззахдан ўтадиган йўл ва 50 дан ортиқ мактаб қурилиши учун маблағ ажратади

Ислом тараққиёт банки (IsDB) Ўзбекистонда инфратузилма ва таълим соҳаларидаги муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиялаштириш битимларини имзолади.

Ривожланаётган бозор иқтисодиётларига бағишланган 2-AlUla конференцияси доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал Жассер ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилиб, ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт мақсадларига мос, юқори самара берадиган лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олди.

Музокаралар якунида икки йирик молиялаштириш келишуви имзоланди.

Биринчи келишувга мувофиқ, Ислом тараққиёт банки томонидан Жиззах вилоятидаги 4R40 Даштабод – Зомин – Бахмал – Ғаллаорол автомобиль йўлини қайта қуриш лойиҳаси учун 70 млн АҚШ доллари ажратилади. Бу маблағ банкнинг ушбу лойиҳа учун жами 192 млн долларлик мажбуриятининг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида 143 км минтақавий автомобиль йўли реконструкция қилинади ҳамда 30 км маҳаллий ва қишлоқ йўллари таъмирланади.

Ушбу ташаббус транспортдаги тирбандликларни бартараф этиш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва 200 мингга яқин аҳолининг яшаш сифатини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, М39 халқаро автомобиль коридорига туташ ушбу йўлни модернизация қилиш орқали ҳудуднинг иқтисодий ва туристик салоҳиятини очиш кўзда тутилган.

Иккинчи келишув SmartEd таълим лойиҳасига тааллуқли бўлиб, унинг навбатдаги босқичи учун 94,06 млн доллар миқдорида молиялаштиришни назарда тутади. Бу маблағ IsDB’нинг мазкур лойиҳа бўйича жами 160,25 млн долларлик ҳиссасининг бир қисми ҳисобланади.

SmartEd лойиҳаси доирасида республика бўйлаб 58 та янги таълим муассасаси қурилиб, мавжуд мактабларда 2 431 та янги синфхона ташкил этилади. Лойиҳа инклюзив ва компетенцияга асосланган таълим тизимини жорий этишга қаратилган бўлиб, ҳар йили қарийб 72 930 нафар ўқувчига хизмат кўрсатади. Шунингдек, 36 мингдан ортиқ ўқитувчи ва маъмурий ходимлар учун малака ошириш дастурлари амалга оширилади.

Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал Жассер Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш йўлида аниқ натижага йўналтирилган ҳамкорлик давом эттирилишини таъкидлади. Жамшид Қучқоров эса транспорт алоқалари ва инсон капиталига доимий сармоя киритиш мамлакатнинг узоқ муддатли ва бардошли иқтисодий ўсиши учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг