Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Когондаги «беш қаватли» муаммо: аҳоли икки йилдирки совуқ уйларда яшаяпти 

Бухоро вилояти, Когон тумани, «Ниёз ҳожи» МФЙ ҳудудида 2023 йилда қурилиб, 2024 йилда фойдаланишга топширилган 6 та беш қаватли, жами 120 хонадонли уйлар бугун жиддий коммунал муаммолар гирдобида. Айни ҳолат қонун устуворлиги, давлат идоралари масъулияти ва фуқаролар ишончи учун ҳақиқий синов бўлмоқда. Масъуллар бир-бирига ишора қилади, қурувчи ўзини оқлайди, идоралар эса ҳужжат ортига яширинади. Бу пайтда эса оддий фуқаро кредит тўлаб, қишни ўтказмоқда.

Манзара эса «қоғозда иссиқ, уйда совуқ»...

***

Мазкур уйларни фуқаролар «Kogon soft g’isht» МЧЖ билан тузилган 2014 йил 31 октябрдаги «Квартира олди-сотдиси тўғрисидаги Топшириқ шартномаси» ҳамда 2025 йил 16 сентябрдаги «Квартира олди-сотди шартномаси» асосида, субсидия ва нақд пуллар ҳисобидан харид қилишган. Шартномаларнинг аниқ бандларида газ ўтказиш қувурлари квартира ичига олиб кирилиши, газ ҳисоблагич ўрнатилиши, электр энергияси квартира ичига киритилиши ва ҳисоблагичлар ўрнатилиши қатъий қайд этилган.

«Уйларимиз 2024 йил 28 октябрдан 3 ноябрга қадар расман қабул қилинган. Биз, айнан, шу ҳужжатларга ишониб, катта маблағ сарфлаб, қувонч билан хонадонларга кўчиб кирдик. Ортиқча қоғозбозлик ортида аччиқ ҳақиқат бор, газ қувурлари бор, газ ҳисоблагичлар бор, лекин, газ йўқ. Тизим ишга туширилмаган. Қурувчи ташкилот раҳбари қиш мавсуми тугагач, бу масалани ҳал қилиб беришини билдирди. Афсуски, 2024 йил тугаб, 2025 йил бошланганига қарамай, ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Электр энергияси орқали уйларни иситиб, совуқ кунларни ҳам ўтказишимизга тўғри келди. Кейинчалик уйнинг техник шартномаси йўқлигини рўкач қилишди. Бу орада қанча-қанча ташкилот ва идоралар остонасини «ўйдик», фойда бермади. Қурувчи ташкилот раҳбари: «Нима қилсангизлар қилинглар, мен газлаштира олмайман, ҳамма фуқаролар бирлашиб, кирувчи машиналар йўлини тўсинглар. Шантаж қилиб, ҳокимиятга, прокуратурага боринглар, доллар йиғиб беринглар», деб айтди. Агар тез кунлар ичида ушбу муаммоларимиз ҳал қилиб берилмаса, биз, фуқаролар банкларга кредитларни тўлашдан бош тортамиз. Чунки бу фуқароларга алдов йўли билан сотилганини англатмайдими?..» – дейди мурожаатчилардан бири.

«Xabar.uz»га фуқаролар томонидан узундан-узун ёзиб, йўлланган ушбу мурожаат билан танишар эканмиз, кўнглимиздан: «Қаерга қараманг, кўп қаватли бинолар масаласи: муаммолари эса кўп қаватли уйлардан баланд. Ишқилиб, жамият бу «касаллик»ка кўникиб қолмаса, бас!» деган оғир кечинма ўтди.

Биз манзил сари йўл олдик. Ҳаво совуқ. Айни қор ёққан маҳал. Илк суҳбатдошимиз «Kogon soft g’isht» МЧЖ ҳуқуқшуноси Бахтиёр Орзиев бўлди.

– Тўғри, муаммолар бор. Уни ечиш учун ҳужжатларни қўлтиқлаб, ҳар ёққа чопаётганимиз рост. Бу эса оддий маслаҳат эмас, лекин, «нима қилсангизлар қилинглар, кирувчи машиналар йўлини тўсинглар. Шантаж қилиб, ҳокимиятга, прокуратурага боринглар, деди» дея ёзилган ариза – туҳмат. Бу фуқароларни давлат сиёсатига қарши кайфиятга ундаш сифатида баҳоланиши мумкин бўлган оғир бир айблов. Биз халқни қўзғатиш ниятимиз бўлса, шунча харажат қилиб, электр иситиш қозони қуриб берардикми? «10 000 доллар йиғиб беринглар» деган сўзлар ҳам мутлақо ёлғон. 120 та хонадонга электр қозон ўрнатиш қанча маблағ талаб қилади, қанча меҳнат кучи сарфланади. Ўн минг доллар халқнинг пули билан газ улаб берилса, биз бу харажатни ўз ҳисобимиздан қилган бўлардик, шунча электр қозон сотиб олгунча. Дастлаб, вилоят ҳокими ва вилоят раҳбариятининг топшириғи билан марказлашган иссиқлик манбаига улаш чоралари кўрилди. Сўнг электрга ўтказиш чораси кўрилган. Ҳозирда электрга ўтказилиб, «Техник шарт» олинган ва аҳоли эллик фоизлик чегирма асосида тўловни амалга ошириши белгиланган. Ҳар бир хонадонга 4 млн сўмга яқин харажат қилинмоқда, – дейди биз билан мулоқотга киришган ҳуқуқшунос.

Шартнома бор, таъминот йўқ

Кўп қаватли уйлар шартномаларида таъминот тўлиқ кўрсатилган бўлса-да, амалда иситиш тизими ишга тушмагани фуқароларни сарсон қилмоқда.

«Ниёз ҳожи» қишлоғи ҳудудида барпо этилган замонавий кўринишдаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ушбу манзилда «Kogon soft g’isht» МЧЖ томонидан 2023 йилнинг 14 июль куни 6 та 5 қаватли уйлар қурилиши бошланганини маълум қилишди. Уларга кўра, мазкур кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими табиий газга мослаштирилган. Ҳар бир хонадон учун алоҳида-алоҳида қозонхона ўрнатиш лойиҳалаштирилган. Ва бинолар 2024 йилнинг ноябрида қуриб тугатилган. Когон тумани «газ таъминот» ҳудудий бўлими томонидан мазкур кўп қаватли тураржой бинолари қурилишида газ қувурларини пайвандлаш ишлари лойиҳа талаби асосида тўлиқ бажарилган. Газ тақсимлаш ускунаси келтириб ўрнатилган ҳамда хонадонлардаги газ ҳисоблагичлар тамғаланиб, синовдан ўтказилган. Газ тармоғи 72 соат юқори босимда синовдан ўтказилганда, ҳеч қандай камчилик йўқлиги тўғрисида далолатнома тузилиб, имзоланган.

–  Бироқ, хонадонларга кўчиб кирганимизда, улар ҳеч қандай иситиш тизимларига уланмаганлигини кўрдик. Қурилиш ташкилоти раҳбари Бахтиёр Қудратов 2024 йил қиш мавсумини ўтказиб олишимизни, айни пайтда «ноль» фаолиятда турган табиий газ 2025 йилда тўлиқ ишга тушишини, ҳозирча уланиш жараёнида айрим техник муаммолар мавжудлигини айтган эди. Биз ҳам уйлар янги экан, муаммолар босқичма-босқич бартараф этилади, деган умидда кутдик. Аммо, афсуски, 2025 йилнинг совуқ кунларини ҳам худди шу ҳолатда ўтказишга мажбур бўлдик. Муаммога аниқ ечим ўрнига, туман «газ таъминоти» ҳудудий бўлими ва қурилиш ташкилоти ўртасидаги келишмовчиликларга тўқнаш келиб турибмиз. Биз, оддий фуқаролар сарсон бўлиб қоляпмиз, – дейди фуқаро Мунаввар Тошова.

Қатор мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи меъёрий ҳужжатлар асосида «Сотувчи» ва «Сотиб олувчи» ўртасидаги шартномалар расмийлаштирилган.

– «Квартира олди-сотди шартномаси»нинг 8-қисми, 8.4-бандида сотувчи квартира сотилгунга қадар барча коммунал тўловлар, жумладан, табиий газ ва электр энергияси учун қарздорлик йўқлигини таъминлаши шартлиги аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, «Квартирани олди-сотдиси тўғрисидаги Топшириқ шартномаси»нинг махсус шартлар қисмида газ қувурлари квартира ичига киритилиши ва газ ҳисоблагич ўрнатилиши қайд этилган. Шундай экан, шартномада очиқ-ойдин ёзилган мажбуриятлар ҳалигача бажарилмай келяпти? Ахир, ҳар бир фуқаро хонадон сотиб олар экан, унда хотиржам яшашни мақсад қилади», – дейди фуқаро Шерали Ёриқулов.

Бундай тартибда тузилган ҳар икки турдаги шартномадаги аниқ қайдлар фуқароларнинг ишончига асос бўлган. Аммо, уй-жойлар фойдаланишга топширилганига қарийб, икки йил бўлаётганига қарамай, янги уйларга кўчиб келган аҳолининг хонадонигача олиб кирилган газ қувурлари ҳанузгача ишга туширилмаган. Натижада, иситиш тизими амалда «ноль» ҳолатда қолмоқда.

Ким ҳақ – қурувчими ёки «газчи»?

«Ниёз ҳожи»даги кўп қаватли уйлар атрофидаги табиий газ таъминоти масаласи ҳужжатлар, қарорлар ва масъулиятлар тўқнашувига айланди. Қурувчи «Техник шарт» бор, дейди, газ идораси эса уни ҳуқуқий асос сифатида тан олмайди, ўртада эса ҳужжатлар ўзгариши ва бир-бирини инкор этган идоралар орасида қолиб кетган оддий фуқаролар турибди.

Когон тумани «газ таъминоти» ҳудудий бўлими бошлиғи Ҳусейн Ҳабибов бизни қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, мазкур хонадонларни табиий газга улаш бўйича зарур лойиҳа-ҳужжатларнинг мавжуд эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, уйлар қурилаётган даврда қурувчи ташкилот томонидан қурилиш вақтида «Техник шарт» олинмаган. Ҳолбуки, айнан, шу «Техник шарт» асосида лойиҳа-ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва шундан кейингина табиий газ қувурларига улаш имкони пайдо бўлади.

Бироқ, «Kogon soft g’isht» МЧЖ юристи Бахтиёр Орзиев томонидан бизга тақдим этилган ҳужжатларни синчиклаб кузатар эканмиз, 2023 йил 5 апрель санасида, айнан, туман «газ таъминоти» ҳудудий бўлими бош муҳандиси тасдиғи билан 14-сонли «Техник шарт» берилганини ва у мавжуд эканини билдирдик.

– Йўқ, бу – АРТ, яъни Архитектура режали топшириғи «Техник шарт»и. Бу «Техник шарт» қурилиш майдонида газ таъминотига тегишли тармоқлар мавжуд бўлганда, уни кўчириш талабларинигина белгилайди. Кўп қаватли уй қурилиши якунланганидан сўнг ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 256-сонли қарори талабларига мувофиқ, ўрнатиладиган жиҳозлар сони ва уларнинг йиллик табиий газ истеъмоли кўрсатилган ҳолда «Техник шарт» лойиҳалаштирилмаган ҳамда «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали билан ҳам келишилмаган. Шунингдек, ўтган йилнинг 10 октябрида аҳоли мурожаатлари асосида тузилган далолатнома ҳам газ қувурларини ҳаво ёрдамида текшириш фактинигина қайд этади, холос. У мазкур хонадонларни табиий газга улаш учун ҳуқуқий асос ҳисобланмайди. Масъул идоралар таъкидлашича, табиий газ фақат Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сонли қарори ижроси юзасидан зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, шунингдек, 256-сонли қарор талабларига мувофиқ онлайн ариза берилгандан кейингина уланиши мумкин, – дейди Ҳусейн Ҳабибов.

Бу ерда яна бир жиддий ҳолат очилади: 2024 йил 16 октябрда берилган №482-сонли «Хулоса» хонадонларнинг газга уланганини кўрсатади. Аммо, Ҳусейн Ҳабибов мазкур ҳужжатдаги имзо сохталаштирилганини маълум қилди. Унинг айтишича, экспертиза буни тасдиқлаган, бироқ, жиноят иши қўзғатилмаган.

– Низоларга сабаб бўлувчи бу ҳолат юзасидан ҳужжатлар зудлик билан Бухоро вилояти ИИБ эскперт-криминалистика марказига юборилди ва «Хулоса» хатшунослик-экспертизага тайинланди. Экспертиза хулосасига кўра, имзонинг менинг имзоимга ўхшатиб, бошқа шахс томонидан бажарилгани ошкор бўлди. Бироқ, имзоси сохталаштирилган ушбу ҳужжатнинг табиий газ етказиб беришда ҳеч қандай кучга эга эмаслиги ва оқибати бирор бир ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги важи билан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилди, – дейди Ҳусейн Ҳабибов.

Савол туғилади: сохта имзо билан чиқарилган ҳужжат қандай манфаатга хизмат қилган? Ва нега бу ҳолат жиноий жавобгарликка тортиладиган даражада баҳоланмаган?

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 ноябрдаги 265-сонли, 2024 йил 31 майдаги 319-сонли, 2025 йил 8 апрелдаги 205-сонли қарорлари янги қурилаётган кўп қаватли уйларни газдан электр ёки муқобил энергияга ўтказишни белгилаб берган. Газ тармоқларига уланишига «Техник шарт»лар берилиши қатъиян  таъқиқланган. Бир-бирига қарама-қарши бўлган баҳслар, яъни «Техник шарт» борми-йўқми, қонунлар ўзгарган.

Ҳолатни кузатар эканмиз, кўп сонли фуқаролар ўртасида бу борада кенг тартибда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмагандек, назаримизда. Шунга кўра, ушбу фуқароларга хонадонлар, айнан, «Техник шарт» берилган даврда қурилган ва «газлаштирилган», деб сотилган. Ва уни харид қилганлар ҳалигача Қурилиш ташкилоти ва газ идорасининг ваъдалари ва инкорлари орасида қолиб келишмоқда.

«Когонтумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғининг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 декабрдаги топшириғига кўра, янги қурилаётган кўп квартирали уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ электр энергиясига ўтказилади. Бу табиий газ ресурсларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган чорадир.

Шунга қарамасдан, «Kogon soft g’isht» МЧЖ томонидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали ва «Когонтумангаз» таъминот ҳудудий бўлимига турли баҳоналар билан кўп қаватли уйларни табиий газга улашдан бўйин товлаб келаётгани тўғрисида талабнома жўнатилган. Шунингдек, ҳар иккала ташкилот зиммасига «Техник шарт»ни ҳақиқий, деб топиб, муддатини тиклаш ва хонадонларни табиий газ тармоғига улаш мажбуриятини юклаш тўғрисида даъво аризаси киритган. Бухоро туманлараро иқтисодий суди эса ушбу даъво аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисида ўз ажримини чиқарган.

– Биз қурган уйлар «Техник шарт» берилган вақтда кўп қаватли уйларни электр таъминотига улаш тўғрисидаги қонун кучга кирмаган эди. Бироқ, «Техник шарт»ни бир йиллик муддати ўтгунча газни тармоққа улаш кечиктирилган. Бугунги кунга келиб эса бу борада «Техник шарт» олишнинг имкони йўқ. Табиий газ қувурларини тортиб, хонадонларга олиб киргунга қадар ҳам йирик харажатлар бўлган. Шунга қарамасдан, биздан хонадон сотиб олган фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Унда тўлиқ электрлаштириш тизимига ўтиш ҳамда мазкур амал бугунги давр талаби экани юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда. Иситишнинг қайси тизими тўлиқ йўлга қўйилишидан қатъий назар, аҳолига қулайлик яратилиб, иқтисодий қўллаб-қувватланса, шу энг тўғри танлов. Қиш-қировли, ёғин-сочинли, совуқ ва нам кунларда аҳолига иссиқлик етказиш. Мақсад – шу! – деди Бахтиёр Орзиев.

Когон туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шамсиевнинг билдиришича, «Ниёз ҳожи» қишлоғи ҳудудида жойлашган кўп қаватли аҳоли тураржойларини электр билан иситиш мақсадида тўлиқ лойиҳа-ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

«Электр таъминотида узилишлар йўқ, аммо қиммат...»

Айрим фуқароларнинг яшаш хонадонлари электр энергияси билан иситишга ўтказилган бўлса-да, табиий газ билан таъминланиши ва шартномавий ваъдалар бажарилиши масаласида иккиланиб қолишган. Қурувчи ва масъул идоралар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳамда юқори харажатли электр таъминоти анча қийинчилик яратаётганини билдиришди.

Қайд этилишича, «Ўзэнергоинспекция» Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ушбу кўп қаватли уйларни «Xorazm Ta’mir Loyiha» МЧЖ билан биргаликда электр билан иситиш мақсадида лойиҳа ишлаб чиққан ва уни амалда қўллашга келишган.

–  Аммо, биз, фуқароларнинг бу ерда бир ютуғимиз бор. «Дом» 2024 йилнинг ноябрь ойида «қабул» бўлган. Биз уйни шуни ҳисобига сотиб олганмиз. Муаммолар эса 250 фоиз қурувчига бориб тақаляпти. Қурувчи ишни хато қилган бўлса, унга рухсат берувчи ташкилотлар ҳам биргаликда бўлади-да, тўғрими? Газлаштирилган, деб сотган. Хонадонимиз ичигача киритиб, мана бу газ қувурларини улагани «газ келади» деган маънони англатмайдими? – дейди бир фуқаро.

Кейинги фуқаро:

Биз энергетика вазирлигида бўлдик. Муаммоларимизни эшитишди. Тегишли ҳужжатлар билан танишишди. «Йўқ, сизларга қонуний табиий газ берилиши керак. Бу нарса ўрганилиб чиқилади, комиссия тузилган, комиссия кўриб чиқяпти ва тез кунларда ижобий ҳал бўлади», дея билдирганди, – дейди.

– Электр энергияси таъминотидан муаммо борми? – сўраймиз.

– Йўқ, муаммо йўқ. 1 фазалик ток ўтказилган линиялар 3 фазаликка уланди. Бу жудаям яхши. Электр таъминотида узилиш ёки пасайишлар кузатилмаяпти. Аммо, қиммат, жуда қиммат! Электр энергиясидан фойдаланиб, шахсан ўзим бир ойда 4,5 миллион сўмдан зиёд пул тўладим, – дейди фуқаро Насиба Ҳасанова.

– Билишимизча, шартнома асосида электр энергияси таъминотига тўлиқ ўтилса, 50 фоиз чегирма белгиланган...

– Айнан, мен шундай шартнома асосида электр энергиясидан фойдаланяпман, – дейди у. – Энг ачинарлиси, қурилиш ташкилоти ходимлари: «Қишгача табиий газга улаб берамиз, йўқса, бунча уйни сотолмаймиз», дейишганди. Афсус... – сўзлайди навбатдаги фуқаро.

– Хўп, майли, келишмовчилик иккита ташкилот ўртасида бўляпти. Бу ерда фуқароларнинг айби йўқ-ку?! Табиий газ етказишнинг лойиҳа ҳужжатлари йўқ, ноқонуний, дейишяпти. Аммо, ҳозир лойиҳаси йўқ электр токи билан таъминлашга тайёр турибдилар. Буям ноқонунийлик, тўғрими? Лойиҳаси бўлса, қани, электрлаштирилдими, демонтаж қилиндими, нимадир қилингани тўғрисида қўлимизда ҳеч қанақа ҳужжат йўқ! – дейди фуқаролардан бири асабийлашган кўйи.

Ишончнинг «нархи»...

«Ҳокимият судга йўл кўрсатмоқда, блогер эса пул йиғмоқда. Когондаги уй-жой можароси атрофида янги машмаша авж олди. Муаммосига ечим излаган аҳоли «пул берсанг, муаммоингни чиқараман» дейдиган медиа вакилларига дуч келдик. Хўш, аслида кимга ишониш керак?»

Фуқароларнинг сўзига кўра, одамлар жуда кўп идора, ташкилотлар эшигини қоқишган, ечим топишолмаган. Шундан сўнг арзларини юқорига етиб бориши ва оммавий ахборот воситаларига ёритиш учун фуқаролар ўзаро келишиб, блогерларга мурожаат қилиш учун йўл излашган.

– Шунда биз ўзини блогер, деб таништирган бир аёлни излаб топдик. У билан шартнома туздик. То тўлови амалга оширилмагунча, бизнинг муаммолар билан шуғулланмаслигини айтди. Начора, кейин аҳоли пул йиғишиб, салкам 8 миллион сўм пулларни у томонидан берилган банк ҳисоб рақамига кўчириб бердик. Ким 50 минг, ким 200 минг сўм йиғиб беришга тўғри келди. «Тўламасангизлар, ман ишни бошламайман», деди. Аммо, ҳозирги кунгача бизни ишимиз ҳеч қандай ОАВга олиб чиқмади. Мана шу ҳолатда биз бир тўғри йўл тутдикми, нотўғри йўл тутдикми, билмаймиз. Аммо, бу ерда кам таъминланган, ногирон ва боқувчисини йўқотганлар бор. Бизни ҳеч ким эшитмагач, шу йўлни тутишга мажбур бўлгандик. Аммо, нима бўлгандаям, ўша блогер пулимизни қайтариши керак! Нима, жамиятнинг оғриқли ташвишлари йўлида биз,  фуқаролар доимо алданиб юришимиз керакми? – дейди Мунаввар Тошова.

Когон туман ҳокими ахборот хизмати раҳбари Азиз Қаҳҳоров эса фуқаролар ўз мурожаати юзасидан уй-жой олди-сотди шартномасига кўра, қонуний тартибда судга мурожаат қилишлари лозимлигини ҳамда ушбу масала юзасидан тегишли ташкилотлар шуғулланишини билдирди.

Журналистик суриштирув давомида айрим фуқаролар яшаш хонадонида иситиш тизимида электр энергияси таъминотига тўлиқ ўтиб, фойдаланиб келишаётгани, табиий газга эҳтиёжи йўқлигини билдиришди.

– Шартномага нима киритилган бўлса, газми, токми, ўшани берсин, албатта, имтиёз билан! Лекин, электр энергиясидан фойдаланиш жуда қимматга тушаяпти. Шуниям қатъий инобатга олишса, бўларди, – дейди Элдор Самадов.

Фуқаро Фурқат Ҳусенов эса умуман, бирорта фикр билдиришни истамаслигини очиқ баён этиб, журналист ва блогерларга ишончи йўқолганини яширмади. Аҳолидан пул йиғиб муаммони ўрганмаган блогерни эслади.

– Сизларга, журналист ва блогерларга ишонмай қўйдим. Мана, биттаси бир неча ойдан бери худди ўзини бизнинг муаммолар билан шуғулланаётгандек кўрсатади. Аслида, пулини олди-ю, кетди. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ! Муаммоларимиз ечилмай қолмоқда! – дейди у.

Нима ҳам дердик? Бир айланиб, ўзидан журналист ёки блогер ясаб олганлар хатти-ҳаракати бошқа ҳамкасблар фаолиятига путур етказмоқда. Шу ўринда журналист Барно Султонованинг xabar.uz сайтида эълон қилган «Мана сизга қурбонлик, хоҳлаганча ғажинг ёхуд калит тирқишидан мўралаётганлар...» мақоласида: «Афсуски, бугунги «оммавий линч» ва нотўғри талқинлар натижасида жамиятда бошқа ҳалол журналистларга нисбатан ҳам шубҳа ва нафрат шаклланмоқда. Ҳақиқий журналист халқнинг муаммосини ёритгани учун интернетда хайп қилишим керак ва пул олишим керак бу учун, деб ўйламайди. Уларни кўрмаётганингизнинг сабаби улар ўзини қилган ишини жар солмайди...» дея ёзган сўзларини келтиргим келдим.

Аммо, журналист ўзини муаммони ечишга эмас, ўша муаммони тўғри ва ҳеч бир тарафга оғмай, холис олиб чиқиши ва халқнинг дарду ташвишини айрим «уйқудаги» мутасаддиларга етказа олиши муҳим. Бугунги давр тақозоси эса биз, журналистларни энг қийин вазиятдаги муаммоларни ечишга ўзимизни уришга мажбур қиляпти. Бундан эса «уйқудаги»лар уялиши керак, аслида.

50 фоизли тариф ечимми ёки вақтинчалик чора?

Янги қурилган, расман фойдаланишга топширилган ушбу уйларда аҳолининг маълум қисми ҳануз иссиқлик муаммоси билан яшамоқда. Масъул идоралар электр таъминоти тўлиқ йўлга қўйилганини айтса, фуқаролар учун 50 фоизли тариф ҳақиқий ечимми ёки муаммони вақтинча ниқоблашми, деган саволга тўхталмоқда.

Бизга ҳамроҳлик қилган Когон туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Муҳаммад Жўраев фуқаролар билан суҳбатлашар экан, ушбу кўп қаватли биноларни электрлаштириш бўйича барча ишлар амалга оширилганини тушунтирди.

– Лойиҳалар шакллантирилиб, инспекция тарафдан келишув берилган. Ҳақиқатан ҳозирги кунда яшаб турган 20 дан ортиқ хонадонларда электр билан шартномаси 50 фоизлик таъриф билан амалга оширилган. Шартнома қилинса, электр энергияси фойдаланувчиси 50 фоизлик таърифда тўлайди. Яъни, масалан, 200 киловаттгача фойдаланганлик учун 600 сўмлик таърифда 300 сўм билан, 800 сўмлик таърифда 400 сўм билан амалга оширилади. Бу йилнинг тўрт фаслида ҳам, яъни доимий амал қилади, мавсумий эмас. Шартнома асосида хонадонини электр тизимига тўлиқ ўтказган фуқаролар борки, уларнинг бари миннатдор, – дейди М.Жўраев.

Фуқаролар эса мавжуд муаммоларни аҳолининг турмуш даражаси ва ижтимоий аҳволини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилиши кераклигини билдиришмоқда.

– Аниқ бир ечимга келмаган дардларимизни масъул раҳбарларга етказилишига умид боғлаймиз! – дейишди улар.

Қисқаси, «Ниёз ҳожи»даги кўп қаватли уйлар атрофидаги бу муаммо масъулият, қонун устуворлиги ва фуқаро ишончи масаласига айланиб улгурган. Қоғозда «қабул» қилинган, шартномада тўлиқ таъминланган, деб кўрсатилган уйлар амалда аҳолини совуқда қолдирмоқда. Бир томонда «қонун бунга рухсат бермайди» деган идоралар, иккинчи томонда эса «шартномада бор эди» дея ҳақ талаб қилаётган фуқаролар. Ўртада эса айб кимда эканига аниқ нуқта қўйилмаган, чўзилиб кетган баҳс ва сарсон одамлар.

Энг ачинарлиси, бу жараёнда оддий одамлар яна бир бор давлат идоралари, қурувчи ташкилотлар ва ҳатто, айрим «блогер-журналист»ларга ишониб, алдандик, деган хулосага келмоқда. Ҳолбуки, уй-жой масаласи инсон ҳаётидаги энг нозик, энг катта ишонч билан боғлиқ қарор. У синса, ишонч ҳам емирилади. Янги уйга кўчиб кирган айрим оилалар иссиқлик эмас, саволлар билан яшамоқда: айб кимда ва масъулият қаерда? Масалани «ким айбдор?» деган савол билан эмас, «ким жавобгар?» деган тамойил асосида ҳал қилиш вақти келган.

Қонун бор экан, у қоғозда эмас, амалда ишлаши керак!

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг