Маҳсулотлар нархининг мавсумий тебранишини 10-15 фоизгача пасайтириш режалаштириляпти
Ўзбекистонда аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор нархда таъминлаш учун доимий интервенция тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бунда захира интервенция фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи ташкилотни давлат-хусусий шериклиги асосида ташкил этиш чоралари кўрилади. Захира интервенцияси бўйича пилот лойиҳасини амалга ошириш учун эса тегишли ҳудуд (туман/шаҳар) танлаб олинади.
Қайд этилишича, илғор хорижий тажрибалар асосида захира интервенцияси (картошка мисолида) намунавий модели ишлаб чиқилади ва пилот лойиҳаси доирасида синовдан ўтказилади.
Бунда:
- товар захираси, аҳоли эҳтиёжини ва нарх динамикасини ҳисобга олган ҳолда давлат томонидан минимал харид нархини белгилаш;
- давлат эҳтиёждан ортиқча бўлган маҳсулотларни сотиб олиш ва захирага қўйиш, агар бозорда сақланаётган маҳсулотга қўшимча эҳтиёж сезилса, сотишга чиқариш механизмини ташкил этиш;
- захирага олинган маҳсулотларни сифатли сақлаш учун омборхоналарни лицензиялаш амалиётини йўлга қўйиш назарда тутилади.
Пилот лойиҳани амалга ошириш натижалари бўйича барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг захира интервенция механизмини 2030 йилга қадар босқичма-босқич республикада жорий қилишга оид таклифлар ишлаб чиқилади.
Мазкур лойиҳа натижасида маҳсулотлар нархининг мавсумий тебраниши 30-50 фоиздан 10-15 фоизгача пасайиши таъминланиши ҳамда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий инфляцияга босими 0,5-1,5 фоизга камайишига эришилиши таъкидланмоқда.
Бундан ташқари сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажми
20-30 фоиздан 5-10 фоизгача камайиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар даромадини 10-15 фоизгача оширишга эришилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter