Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Омадсизликларнинг боши... юракдан иш қилмасликдан келиб чиқади» ёхуд оддий уй тозаловчи билан оддий бўлмаган суҳбат

«Омадсизликларнинг боши... юракдан иш қилмасликдан келиб чиқади» ёхуд оддий уй тозаловчи билан оддий бўлмаган суҳбат

фото: Xabar. uz

Исландияликлар энг кўп китоб ўқийдиган ва энг кўп китоб ёзадиган халқ экан. Уларнинг бир ажойиб мақоли бор: «Ҳар бир исландиялик ичида бир китоб яшайди». Биз журналистлар тили билан айтганда ҳар бир инсоннинг ҳаёти бир китоб бўлгулик...

Бугунги қаҳрамонимиз Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган Дилуш Амирхонова (Дилором Матёқубова) ана шундай инсонлардан бири. Туркияда ўқишга кириб рўзғор ташвиши туфайли талабаликни давом эттиролмаган Дилором ҳозирги кунда «Tertemiz-Тоза Покиза» хонадонларни кунлик тозалаш хизматини йўлга қўйган, қўлида 8 нафар ходими бор.

– Нима учун фирмангизнинг номи туркча-ўзбекча?

–  Сабаби, мен тез-тез Туркияга ҳам иш ва туризм  фаолияти билан бориб тураман. Бу ердан туриб Туркияда ишламоқчи бўлганларга, Туркиядан туриб Ўзбекистондаги аёлларга ишончли мижозларни таклиф қила оламан. Биз ҳақимизда одамлар ҳа, бир уй тозаловчида дейиши мумкин, лекин бу ишни мен касб даражасига кўтаришни ва бошқалар шундай кўришини истайман. Чунки хоҳлаймизми йўқми, одамларнинг эндиликда уй тозаловчиларга   эҳтиёжи бор.

Кунлик ва уч кунлик хизматларимиз мавжуд, худди чет эллардагидек. Бирор овқат қилишга ёрдам дейсизми, меҳмонларни кутиб, кузатиб қўйиш дейсизми... Бизнинг гуруҳда узоқ йиллар Туркия ва Россияда ишлаб тажриба орттирган аёллар бор. Бу расмий хизматни очишдан мақсадим аёлларнинг қанчаси телеграмларда, кўчаларда иш бор деса алданиб тажовузга учрайди, қанчадан-қанча уй бекалари ҳам «уборкачи»лар томонидан зарар кўради. Шулар ўртасидаги ишончни тиклаш учун ҳаракатдаман – қизларни ўқитиш керак, махсус курслар бор. Тан олиш керак, кўпчилиги тил билмайди, иш билмайди, лекин борган жойида ишлаш ўрнига кунини шунчаки ўтказиб келади.

Ишчиларим орасида олий маълумотлилари, лаборанткалар, ўқитувчилар бор, қўшимча иш сифатида буниям эплашади.

Бу хизматни очишимнинг яна бир сабаби биз мусофирликда, ватандан, уйдан узоқда юришни энди хоҳламаяпмиз. Баъзи ишга эҳтиёжи бор аёлларнинг боласини, уйини ташлаб кетиши, охирги нарсасини эски бозорга олиб чиқиб сотиши, боласини ўзига тўқроқ оилага – опасининг, акасининг қарамоғига бериши, буларнинг барчаси оғриқли нуқталаримиз.

Бир куни Туркияда ишга олувчи хоним билан ўзбек аёлининг суҳбати қулоғимга чалинди:

– Сен фарзандимга қанча вақт энагалик қила оласан?

– Икки йил, – аёлнинг овозида хазинлик ҳис қилдим.

– Демак, шу вақт ичида сен боламга ўз болангдек меҳр қўясан, у сен билан бўлади доим, кейин ундан қандай воз кечиб кетмоқчисан, аёлнинг кўзларига қаттиқ тикилди хоним.

– Мен ўз фарзандларимни ташлаб келганимга етти йил бўлди, бу ҳеч нарсамас, кет деган кунингиз кетавераман.

Ўшанда ўзим истамаган бу суҳбатга гувоҳ бўлаётганимга негадир сиқилгандим...

– Ҳар хил характерли аёллар бор, улар ва мижозлар ўртасида туриш, жавобгар бўлиш қийин эмасми?

– Биласизми, мен уларга айтаман, ишда сизнинг ғурурингизга тегиш, камситишлар бўлади, иш чоғида керак бўлса ҳақоратланишингиз ҳам мумкин, шундай пайтда ўзингизни тута билинг, деб. Махсус иш ва масъулият ўргатилиб кейин ишга юбораман, Туркияда шундай қилишади. Баъзида ишчиларни қанчалик танламай ёки уларга тайинламай тарбиясиз одамларни тарбияли қилиб бўлмас экан.

Албатта, ишга борадиган аёллар оладиган ҳақ учун қайси юмушларни қилиши кераклиги низомга киритилган. Масалан, кунлик тозалашга деразаларни артиш, чангларни артиш, ҳаммом, ошхоналарни тозалаш, хоналар, поллар, эшикни артиш киради. Лекин баъзида хонадон эгалари қўшимча брусчаткаларни, кафелларни ювдиришади, ўт юлдиришади. Агар уй бекаси шу ишларни қилдирса, қўшимча ҳақ тўлаши керак, агар қўшимча ҳақ тўламаса бизнинг ходим бу юмушларни бажармасликка ҳаққи бор. Қолаверса, ишчиларим бир кунда қўшимча ишларга улгурмайди, иккинчидан уларнинг соғлиғи мен учун муҳим. Тўғри, мижозларим бу талаблар туфайли озайиши мумкин – бундан қўрқмайман. Ёки баъзида потолокни ювдиришга чақиришадию мустаҳкам нарвон йўқ, жуда омонат...

Кўпчилик хонадон эгалари шарт қўйишади, паспортини олиб қўйишади, ёқмаса ҳайдаб юборадиганлар бор. Бир куни тунги ўн бир яримда бир аёл телефон қиляпти – иш берувчи ҳайдаб юборибди. Майли иши ёқмабди эрталабгача сабр қилса бўларди. Аёл қашқадарёлик экан. Жуда ачиндим. Юнусобод, Уч қаҳрамондан у аёлни топгунимча анча вақт кетди. Шунинг учун айтмоқчиманки, ишончли одамлар орқали ишчи топинглар, хонадонларга боринглар. Мен иш берувчиларга ҳам, ўзим топган одамларимга ҳам кафолат бериб, ўзаро шартнома қилиб ишга оламан, ишга юбораман. 

 – Ишлашга борадиган аёлларга қандай талаблар қўйилган?

 – Ишга кечикмаслик, ўғрилик, чала иш қилмаслик – асосий талабларим шулар. Агар бирор хонадонга доимий ишчи керак бўлса, сабрли меҳнаткаш қизларни топаман. Яъни шартларим: телефон орқали соатлаб гаплашмайдиган, муаммосини телефон орқали ҳал қилмайдиган, ёлғон гапирмайдиган, кеч қолмайдиган, уй эгаларининг яхши муомаласини ўз мақсади йўлида ишлатмайдиган, яъни суиистеъмол қилмайдиган, синовдан ўтган қизларни таклиф қиламан.

Лолахон, Шаҳноза, Дилноза каби ҳалол, виждонан ишлайдиган қизларим бор. Лекин яхши  ишлайман, деб ваъда бериб, чала иш қилиб келганлар ортидан ёмон гаплар эшитган кунларим бўлган, орқасидан ўзим бориб тозалаб келаман деб, бехосдан қўлимга тозалаш воситасини тўкиб куйдириб олганман.

Кўпинча қизлар осонроқ, енгилроқ иш борми деб сўрашади, қаерда бор осон ёки енгил иш. 25 йилдан бери бирон марта осон ишни кўрмадим, одамлар уйига чақиришининг сабаби уйини тозалашга ўзини қурби етмаганидан, иш кўплигидан чақиради-да. Ишонасизми, аёллар орасида тўрт миллионлик ойликни менсимагани ҳам бўлади. Ёки шу тўрт миллион ойликка енгилроқ иш исташади.

Менда ишлаган бир аёл яхши пул топарди, хонадон эгалари ишига берган ҳақидан ташқари қарашиб турарди, етмади, шунчаки нафс ўлгир кундан-кунга очилиб кетди. Охирги пайтларда юборган хонадонларимда ишни чала қилиб мени уялтираётганди. Икки ойлар олдин Туркияга кетишимга ёрдам қилинг, деди, йўқ дедим, чунки бировнинг хонадонига жўнатиб ўртада туриб қарғиш эшитгим йўқ. Яқинда кузатдим, ижтимоий тармоқларда, донор бўламан, органимни сотаман деб ўтирибди. Ўшанда айтган эдим, дунёқарашингизни ўзгартиринг деб.

Тилладан тоғ бўлсаям баъзилар шукр қилмайди, мунтазам норозилик ва ношукрлик одамни ҳар кўйга соларкан – улар қанча кўп пул ишлаб топмасинлар ҳеч қачон  фаровон турмушга эриша олмайдилар. Ва шундай одамлар борки, уларнинг бойликларини қанчалик таламасинлар бой-бадавлатлигича қолади. Гап бу ерда пулнинг миқдорида эмас, балки унга муносабатда. Яна шундай одамлар борки, уларга қанчалик катта маош тўлама барибир қойиллатиб ишламайди. Ва шундай одамлар борки, уларга ҳақ тўламасангиз ҳам ўз ишини сидқидилдан бажаради, яъни гап пулда эмас, инсоннинг меҳнатга муносабатида. Ишёқмас ишламаслик учун ҳар доим етарли баҳона топади. Баъзи одамлар эса бутун умри давомида ёмон яшаяпман, деб нолиб юришади. Ва ҳақиқатан ҳам улар тўкин яшашга барча имкониятлари бор бўлса ҳам ёмон яшашади. Яна бир тоифа одамлар ҳеч нарсалари бўлмасада доимо бадастир ва фаровон турмуш кечиришади. Ва бу ўринда ҳам моддий жиҳат ҳеч нарсани белгиламайди. Бу ерда яна ўша инсоний муносабат бўй кўрсатади.

–  Кузатишларимдан англашимча, сиз ижодкорсиз ҳам...

–  Турк тилини яхши биламан. Ўзбекистон билан боғлиқ Туркиядаги фестивалларда қатнашганман, аёллар ҳақ-ҳуқуларини ҳимоя қилиш каби кичик лойиҳалар муаллифиман. Туркияда чоп этилган ҳикояларим, ижодларим орқали танловларда қатнашиб ғолиб бўлганман.

– Лекин шунга қарамай кунлик ишга ҳам чиқасиз...

–  Ҳа, баъзида ўзим бориб ҳам ишлаб келавераман, нега чунки кўпинча чала қилинган ишлар учун мен жавобгарман. Мазза қиламан ошхоналарни тозаласам, қанча кир бўлса шунча яхши, лекин дераза артиш ёқмайди, шунинг учун дераза артадиган ишчиларимни қадрлайман. Ҳар ишнинг ўз устаси бор. Баъзан мижозларнинг ортиқча инжиқлиги, баъзан эса ишчиларимнинг маълум вақт ўтгач ўзгариб қолиши қийнайди.

Шерик танлашда ҳам адашиб тураман. Жуда яқин дугонам бошида ўта меҳнаткаш эди, кейин ўзгарди. Бирор жойга тозалашга борсак хонадон эгаларини гапирарди, шу ердаям одам яшайдими деб. Тасаввур қилинг топ-тоза уйга бизни чақирса, келинг уйим топ-тоза қўл учида иш қиласизлар сизларга 50 доллар бераман деса...

Кейинчалик борган жойининг овқатларидан нолиди – чучвара қилиб берсаям ёқмасди... Кейин ўйлаб қолдим, балки унга мен билан ишлаш ёқмас, уборка ёқмас, чунки ишлари чалакам-чатти бўла бошлади. Кўзларида, тилида норозилик кучайди, охирги марта макарон димлаб берган уй соҳибини бефорасатликда айблагач, бу унинг охирги иш куни эканини айтишга мажбур бўлдим.

Аслида ҳеч кимнинг иши зўр эмас, фалончининг ойна артиши яхши, Зулайҳо эса ҳар бир нарсани битталаб эринмай тозалайди. Яна бирларининг ёлғончилиги бор, энг зўр фирибгарлар ҳам ип эшолмайди уларнинг олдида.  Яна бир ишчим бор эди – ижтимоий тармоқда ўзини бечорага солиб пул йиғиб ўтирадиган, ўша аёл менинг мижозларимникига ишлашга бориб эҳсон қилинг, деб уятга қўйган. Ҳаммасининг хатолари учун сафимиздан чиқардим. Менга баъзида сиз учун одамнинг қадри йўқ, битта хатога шунчами, дейишади. Ҳа шундай, хато хатони чақираркан, хато бу чала иш дегани, хато бу асаббузарлик дегани.

– Ишингиздан кўнглингиз тўлса, тозаликдан кўзингиз қувнайди ва мижозлар раҳматини эшитганда бошқача хурсанд бўласиз...

– Келинг, телеграмга келган раҳматномалардан ўқиб бераман: «Жудаям эски, кир, чирк босган, узоқ вақт эгасиз бўлган уйни, чиннидек топ-тоза ва саранжом қилиб берганингиз учун ташаккур опажон. Уйда ҳамма нарса хурсанд – кафеллар, полу газ плиталар сизга рахмат айтаяпти, ана бўларкан-ку, уй эски қилган ишим кўринмайди, деб баҳона топмасдан, тозалаб қўйса, деяпти. Бугунги кун учун раҳмат опажон, кетган вақтингиз, сарфлаган меҳнатингизга рози бўлинг, сиздан жуда кўп нарса ўргандим», «яхши етиб олдингизми, бугунги сермазумун кун учун сизларга ташаккур айтмоқчиман, қизлар жуда яхши ишлашди, дунёга тозалик улашишдан чарчаманг».

Бундай ташаккурномалар жуда кўп.

– Туркияда хонадон тозалаш хизмати қандай?

– Агар фирмалар орқали амалга оширилса: Эрталаб офисга олтита аёл ишга келамиз – соат роппа-роса саккизда, кечикиш йўқ, баҳона қилган ишдан кетади. Уч кишидан бўлиб иккига бўлинамиз – тозалаш воситалари, пилесослар, парогенераторлар, нарвонлар оламиз маска, қўлқоп шарт.

Икки манзилда икки гуруҳ иш бошлаймиз – биров ошхонага, биров деворлар ва қандиллар, учинчимиз эса мебелларни тозалаш билан шуғулланамиз. Бизга бор-йўғи беш соат вақт берилади. Тушлик 20 дақиқа. Ва соат иккида иккинчи иш жойига шу тарзда йўл оламиз. Бир ишчи ҳақи 50 доллар. Ишчига 30 доллар тегади ҳар бир ишдан. Кунлик 100 долларгача ишлаган вақтларим бўлади. Мусофирликда баҳона йўқ, ишчи касал бўлсаям белини боғлаб ишга чиқади. Тушлик уй эгаси берса еймиз, бермаса туркларни ширин нони – симит ва сув билан кифояланамиз. Ўзбекистондагидек овқат танлаш ёки баҳона қилиб ишга чиқмаслик ҳолатлари йўқ. Туркияда ўзимнинг алоҳида мижозларим бор эди. Уларникига ҳафтада бир борардим. Калит ташлаб кетишарди. Холодилникда истаганимча у-бу олиб ейишим мумкин. Уйларни тозалаб овқатигача қилиб кетардим.

– Доимо нотаниш хонадонлар, турли одамлар билан юзлашасиз...

– Ҳа, қизиқ воқеалар кўп бўлган иш жараёнида. Тошкентда бир мавзесига бордим. Ишни бошладим. Тушликка яқин эшик қўнғироғи чалинди – уй бекаси, аёлнинг ранги ўчди. Ўлдим, эрим келди Диля опа деди. Ажабландим. Хўп келаверсин, дедим ишимда давом этиб, йўқ сизни кўрмасин мен доим ҳамма ишни ўзим қилаяпман, деганман, деди жавдираб.

Бир ёқда эшик жиринг-жиринг... Хуллас, мен болалар хонасига яшириндим, турмуш ўртоғининг тушлик қилиб ишга кетишини ўша ерда кутишга қарор қилдим. Ўша ерда ўтириб ухлаб қолганман...

Иккинчи ғалати воқеа. Мижозларимдан бири келин олди. Келин олгунча ҳамма шароитни қилди. Оғзидан бол томиб бахт тилаб ўтирарди келинга қайнанаси. Келин қийналмасин деб ҳафтада бир уйларини тозалагани мени чақирарди. Бир кун келин билан ёлғиз қолдик.

– Ойижонингиз ажойиб, ҳавасим келади, дедим. 

– Э, жонга тегади ортиқча меҳрибон, уни енг, дам олинг деб, эзиб юборади, ишонмайман сохта, деди келин...

Негадир тахтадек қотиб қолдим. Кейин эса уларникига турли баҳоналар топиб бормайдиган бўлдим. Билмасам мен бу келинни меҳрни билмасликда айбладимми ёки ўзим истамаган ҳолда ўша қайнана ростдан яхши инсон бўлгани учун сиқилдимми, ғалати ҳолга тушдим хуллас...

Битта нарсани англадим, кўпчилик негадир алдашни яхши кўради. Нечта оилага ишчи қўйдим. Бошдан айтаман, мен буларни уй йиғиштиришу бола қарашдан тортиб, уй жиҳозларини, техникаларни қанақа ишлатиши ўргатганман, ҳатто уйда йўқ пайтингизда ҳам ишониб уйингизни ташлаб кетишингиз мумкин деб. Йўқ, бир қарасанг ёнингга пулга зор бўлиб келган ишчи уялтириб кетади, ёки уй эгаси менга тегишли бўлган ҳақни бермайди. Яхшиям мен маклер эмасман ёки бирор ташкилотдек катта пул, хизмат ҳақи сўрамайман. Бутун вақтимни ўша ишини топиб кетадиган одамга бағишлайман. Кўнглим хотиржам бўлмагунча  юбормадим кўпларини ишга.

Сотувчиси, ишчиси ухлатиб кетган корхонаю хонадонларнинг ўзи одамларни алдашини, ҳақидан қўрқмаслигини кўрдим. Шу иш асносида инсонларни рози қилиш қийин, жудаям қийинлигини англадим.

Меҳр, ишонч шунақа нарса кимга керагидан ортиқ берсангиз дарров сизнинг қалбингизни топташни бошлашади... Леонардо да Винчи ўзининг «Адабий ишлар» китобида айтади: «Қарға тумшуғида ёнғоқ мевасини кўтариб баланд самога кўтарилди. Аммо ёнғоқ қарғанинг оғзидан тушиб бир қалъа деворининг ёриғига кириб кетди. Шунда ёнғоқ қалъага ёлворди: – Эй муҳташам, баланд, деворлари мустаҳкам, қўнғироқлари жарангдор қалъа! Менга бағрингдан жой бер. Мен онам бўлмиш ёнғоқ дарахти остига тушмадим. Йўқса, у тарбия қилармиди? Менга шу ёриғингдаги бир кичкина тешикчадан жой берсанг бўлди. Бошқа ҳеч нарса керак эмас!

Қалъа онасидан ажралган бечора ёнғоқнинг гапини эшитиб раҳми келди. Уни бағрига олишга қарор қилди. Ёмғир ёғди. Ёриқдаги ёнғоқ секин томир ота бошлади. Аста-секин ўса бошлади. Ёнғоқ катталашгани сари қалъа деворининг ёриғи ҳам катталашиб борди. Охири девор йиқилди. Ёнғоқ эса жойида тик қолаверди!»

Арабларда бир мақол бор: «Яхшилик қилган кишингдан эҳтиёт бўлавер». Бу гап билан яхшилик қилмаслик керак, демоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим, яхшилик ҳамма вақт ҳам мева беравермас экан.

– Ўқиган китобларингиздан энг таъсирлантиргани...

– Жаҳон адабиётидан Ник Вуйчичнинг «Чегарасиз хаёт» китобини ўқиб тугатгунимча негадир ўзимни кўргандек бўлдим. Китоб қаҳрамони ногирон йигит худди соғлом одамдек бу ҳаётга бўлган ҳисларини, курашларини ифода қилган ва эришган.

– Ўзликни англаш, деганда нимани тушунасиз?

– Юқорида айтганимдек турк тилини яхши биламан, шу боис давлат тадбирларига ҳам тез-тез бориб тураман. Шунинг учунми мени кўпчилик тушунмай қолади – бир қараса туризмдаман, бир қараса уйини тозалашга келаман... Ҳатто ўшандан кейин менсимай қўйганлар бор. Одамзот ғалати, ўзидан сал кучлини кўрса қуллуқ қилади, заифни кўрса кибрланади. Лекин менга одамларнинг фикри муҳиммас, нима иш бажарсам вазифамни юракдан бажараман, касби-коримдан уялмайман. Катта тадбирларда таржимон, ташкилотчи, кичик уйларда уй ишларига ёрдамчи (уборкачиман). Тўғри инжиқман, талабчанман. Лекин ҳалолман. Бировнинг ҳақини емайман. Бир иш қилсам юракдан бажараман, юракдан гапираман. Чала ишни, чала одамларни жиним суймайди. Бир эшитганим бор: «Туйғулар ичида бахт туйғуси жудаям юқумли бўларкан», яъни, устидаги жимжимадор кўйлакларини ечиб жайдари қилиб айтсак одамлар ўзини бахтли қилиб кўрсатган одамга эргашувчан ва ҳавасманд бўладилар (худди унинг шу ўзи яратиб олган позитив композициядан нимасидир бизга юқиб қоладиган каби).

Бахтсиз ва имконсиз, ғариб ва мунглиғ одамдан дарров одамлар ўзини тортади (худди унинг қайғуси бошқаларга ҳам юқадиган каби). Аслида, ўзини топган одамга ҳеч нарсадан зарар бўлмайди, на бахтли қиёфанинг сохта шодлиги ва на маҳзун одамнинг қайғуси ўзини топган одамга заррача ёмонлик ва ўзгариш бера олмайди!

Ҳамма гап, ана шу ўзини топа олишда!

Назаримда бугун ана шу ўзини топиб, ўзини яратишдан кўра ўзгаларга кўр-кўрона тақлид, носоғлом эргашиш кучайиб кетаётгандек жамиятимизда... Яъни, бугун «оломончилик» кайфияти устундай...

– Ҳаётдаги шиорингиз...

– Бу алғов-далғов ҳаётда тартибли ҳаётимга эгаман. Ҳамма ишим режали, тартибли. Кечикишни ёқтирмайман. Кечиксангиз бўладиган иш ҳам бўлмай қолади, кўп синаганман. Бойвачча танишларга пахта қўйиб катта давраларга суқилиб кирмайман. Минимализм асосий мақсадим. Таъсирчанман. Лекин кейин унитиб юбораман ҳар қандай кўнгилсизликни ҳам.  

Яна қўшиб қўйингки: Ҳаётда кўп омадсизликларни боши юракдан иш қилмасликдан келиб чиқади...

...Мақола тайёр бўлгач Дилоромдан сурат сўрадим, у бўлса мени Тошкентда ўтказилаётган «Турк дунёси» журналистлари ва ёзувчилари қатнашаётган симпозиумга таклиф қилди. Қаҳрамонимиз айни пайтда таржимонлик ва меҳмонларни меҳмонхонага жойлаштириш ишларига бош-қош экан...

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг