Ўзбекистон Бразилиянинг C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётларини харид қилди
Бразилиянинг Embraer авиасозлик компанияси Сингапур авиашоусида илгари мижози ошкор этилмаган C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётларига берилган буюртмани Ўзбекистон Республикаси амалга оширганини расман эълон қилди. Бироқ самолётлар сони ҳақида маълумот бермаган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари мазкур самолётлардан асосан юк ташиш ва гуманитар операцияларда фойдаланади. Бу эса мамлакатнинг ҳарбий-транспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширади. Ўзбекистон шу тариқа Марказий Осиёда C-390 Millennium самолётини эксплуатация қилувчи илк давлатга айланди.
Embraer Defense & Security президенти ва бош директори Боску да Коста Жуниор Ўзбекистонни C-390 операторлари қаторига қўшилиши билан қутлади.
«Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ўз транспорт имкониятларини модернизация қилаётган бир пайтда, биз Ўзбекистон Республикасини C-390 операторлари сафида расман қутлаб оламиз. Марказий Осиёдаги етакчи ҳаво кучларидан бирининг танлови биз учун катта шараф. Биз ушбу инқилобий самолётнинг мукаммал ишлаши учун Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қиламиз», – деди у.
C-390 Millennium ўз синфидаги энг илғор ҳарбий-транспорт самолёти ҳисобланади. У, жумладан, соатига 470 узел тезликда учиб, 26 тоннагача юк кўтара олади ҳамда ўрта тоифадаги бошқа ҳарбий-транспорт самолётларига нисбатан узоқроқ масофага парвоз қилади.
Шунингдек, у вақтинчалик ёки асфальтланмаган учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Ҳаводан ҳавога ёнилғи қуйиш ускунаси ўрнатилган KC-390 конфигурациясида эса самолёт ҳам ёнилғи қуйувчи, ҳам қабул қилувчи сифатида ишлай олади.
C-390 Millennium НАТО стандартларига тўлиқ мос бўлиб, Agile Combat Employment (ACE) операциялари (самолётлар ва ҳарбий кучларни тез, мослашувчан ва тарқоқ ҳолда ишлатиш усули, -таҳр.) учун айниқса қулай ҳисобланади.
Бугунга қадар C-390 Millennium самолётлари Бразилия, Португалия, Венгрия, Жанубий Корея, Нидерландия, Австрия, Чехия, Швеция, Ўзбекистон, Словакия ва Литва ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан танланган. Самолёт юқори ишончлилик, кўп қирралилик ва самарадорликни таклиф этиб, дунё бўйлаб ҳарбий ҳаво кучларининг тактик ва стратегик эҳтиёжларига жавоб беради.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг май ойида бразилиялик мудофаа саноатини ёритиб борувчи журналист Роберто Кайфа Ўзбекистонга иккита C-390 Millennium самолётлари сотилгани ҳақида хабар берганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter