Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳақиқат ва уйдирма: Қизил китобга киритилган кўк суғурлар ўпка саратонига давоми?

Ҳақиқат ва уйдирма: Қизил китобга киритилган кўк суғурлар ўпка саратонига давоми?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти камёб ҳайвонлар ҳисобини юритиш ва кадастри лабораторияси ходими Шаҳзод Деҳқонов ўзининг Facebook-саҳифасида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган кўк суғурларнинг қирилиб кетаётгани ҳақидаги видеомурожаатни жойлаштирди.

Кўк суғурлар — йўқолиб бораётган, локал тарқалган ғарбий Тянь-Шань эндемик кенжа тури. ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган.

Фото: Ўзбекистон Қизил китоби

«Ўтлоқлардан чорвачиликда ҳаддан зиёд фойдаланиш, браконьерлик, чўпон итлари ва табиий кушандалар (бўри, тулки, бургут, илвирс) томонидан таъқиб қилиниши, касалликлар сабабли ушбу тур кундан-кун камайиб боряпти», — деган Шаҳзод Деҳқонов.

Шаҳзод Деҳқонов олган суратлар
Шаҳзод Деҳқонов олган суратлар
Шаҳзод Деҳқонов олган суратлар
Шаҳзод Деҳқонов олган суратлар

Маълумотларга кўра, кўк суғурларни Ўзбекистонда кўпайтириш муваффақиятсиз тугалланган.

Видеомурожаат Ангрен платаси, Наманган вилояти Поп туманига тегишли бўлган ҳудудда тасвирга олинган. 2022 йил 8 август куни маҳаллий чўпонлар мурожаат тасвирга олинган ҳудудда мотоциклда иккита браконьер юрганлигини айтишган. «Биз ҳам ўқ овозини эшитдик кеча тушдан сўнг, аммо биз браконьерларга қарши кураша олмасдик, чунки уларда қурол бор. Ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Ўрганишларимиз давомида ўқ овози эшитилган жойдан тери топиб олдик, бу албатта кўк суғур териси эди. Тери тоза, гўшти ва ёғини ажратиб олишган. Чўпонлар бу ерларга Поп туманининг Чодак қишлоғида яшовчи йигитлар браконьер сифатида тез-тез келишларини ва бу ҳолат тез-тез такрорланиб туршини айтишди», — дейди Деҳқонов.

Кўк суғурларни овлаш тақиқланган. Чотқол қўриқхонаси ва Угом-Чотқол миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган. Ангрен ясси текислигида муҳофазасини ташкил этиш ва Оқбулоқ дарёсининг чап қирғоғи ҳавзасини қўшиши орқали Чотқол қўриқхонасини кенгайтириш муҳофаза чораларни кўрилган.

Чўпонлар одамлар қандайдир табибнинг «Кўк суғурлар ўпка саратонига шифо» деб айтган сўзидан кейин ҳеч бир асосларсиз уларни истеъмол қилишаётганликларини билдиришган.

«Ўпка саратони дунё бўйича энг кўп тарқалган хавфли ўсма касаллигидир. Бу касаллик, айниқса, саноати ривожланган давлатларда кўп учраши аниқланган. Ҳар йили 1 000 000 дан ортиқ одам ўпка саратони билан касалланади ва яна шунча одам ушбу касалликдан вафот этмоқда. Бошқа саратон турлари каби ўпка саратони билан касалланиш йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Ушбу касаллик эрта, яъни 1 ва 2-босқичларида аниқланиб, онкологик муассасада малакали онколог томонидан даволанса, тўла тузалиб кетиш мумкин. 3 ва айниқса 4-босқичларда бу касалликни тўла даволаш жуда мушкул масала ва аксарият ҳолларда даволаш фақатгина инсон ҳаёт сифатини яхшилаш ва умрини узайтиришга қаратилган бўлади. Минг афсуски, 70-80 фоиз ҳолатларда ўпка саратони кечки босқичларда, яъни жарроҳлик амалиёти қўллаб бўлмайдиган босқичларда аниқланади», — деди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-онколог Олим Имомов.

Касалликнинг ўтказиб юборилишга сабаблардан бири бу — табибларда даволанишдир. Тиббий билимга эга бўлмай, дунё тажрибасида умуман ишлатиш тақиқланган усуллар ёрдамида беморларни даволаб, ушбу табиблар кўп инсонлар умрига зомин бўлишмоқда. Энг ачинарлиси эса, турли уйдирма, ёлғон маълумотларга асосланиб, тиббиётда исботини топмаган воситаларни қабул қилиб, касалликни ўтказиб юбориш билан бирга, организм заҳарланишига сабаб бўлишмоқда. Бундай воситалар сарасига энг заҳарли бўлган авиация керосини, ҳайвонларнинг пешоби, ҳайвонлар учун чиқарилган «АСД» дориси, истеъмолга яроқсиз ва Исломда ҳаром қилинган турли ҳайвонларнинг гўштлари, сутлари, пешоблари, турли аъзоларини келтиришимиз мумкин.

Бу ҳайвонлар сирасига қурбақа, тошбақа, эшак, илон, эчкиэмар, типратикан, чаён, калтакесак, шу жумладан, мана яқинда пайдо бўлди, кўк суғурни мисол келтириш мумкин. Инсон ақлига сиғмайдиган бу ишлар ҳеч бир чет эл тажрибасида йўқ. Бутун дунё саратон билан курашда тиббиётга суянади. Шу сабабли, онколог сифатида кўк суғур ёрдамида ўпка саратонини даволаш умуман фойдасиз бўлибгина қолмай, инсон саломатлигига жиддий зарар етказишига ва ҳаттоки саратоннинг кечки босқичларга ўтиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирамиз, деди мутахассис.

Суғурлар март-август оралиғида фаол, инларида оила бўлиб ҳаёт кечиради, колониялар ҳосил қилади. Март-апрелда жуфтлашади, май ойида болалайди (2–4), болалари июн-июлда инларидан чиқади, икки қишловдан сўнг жинсий вояга етади. Ўт-ўланлар, кўпинча бошоқли ўсимликлар, баъзан чувалчанг, моллюска, ҳашаротлар билан озиқланади. Ҳозирда болалари инларидан чиқадиган вақт. Браконьерлик қилаётганлар суғурларнинг инларига қопқон қўйиб, уларни ўлдириб, йўқолиб кетишига «ҳисса» қўшишяпти.

Ekolog.uz Шаҳзод Деҳқоновнинг Facebookдаги саҳифасига қўйилган видеомурожаат остидаги изоҳларни келтирди. «Суғур гўштини еган одам уйида ўлат ёки вабо билан касалланиб, оилавий ўлиб кетиши мумкин. Кемирувчилар вабо касаллигининг асосий резервуарларидан бирилигини шунда билишади», — деб изоҳ қолдирган эколог Шоҳрўз Назаров.

«2013 йилда Қирғизистонда бўлган эди шунақа ҳолат. Чўпон бола суғур шашлик ейман деб, вабо юқтириб олганди. Катта шов-шув бўлганди ушбу воқеа», — деб ёзган эколог Фазлулло Агзамов.

«Ўзбекистонда овга мораторий жорий қилишнинг вақти келди. Бу масалани биз бир неча маротаба кўтарган эдик. Аммо Қўмита бу борада негадир жим. Ҳайвонларнинг қириб ташланиши биозанжирнинг узилишига олиб келади.

Овчиларимизнинг бу борада қаршилик кўрсатишлари табиий ҳол. Аммо бугунги кунда Ўзбекистондаги расмий равишда рўйхатдан ўтган 50 минг нафардан кўпроқ овчи биттадан ҳайвонни отади, деб ким кафолат бера олади? Браконьерларни ҳали бу рўйхатга қўшганимиз йўқ.

Агар ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаса, нафақат суғурлар, балки бошқа ҳайвонот дунёси ҳам қирилиб кетади. Фарзандларимиз эса уларнинг суратларини фақат китобларда кўришади, холос», деб ёзган Ekolog.uz.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг