Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Туркия биринчи хонимлари Anqara Palas музейи билан танишди

Ўзбекистон ва Туркия биринчи хонимлари Anqara Palas музейи билан танишди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоған билан биргаликда Anqara Palas музейи билан танишди. Анқаранинг тарихий марказида жойлашган музей қарийб минг квадрат метр майдонни эгаллаган салкам бир асрлик тарихга эга меъморий иншоот бўлиб, Туркиянинг бой маданий ва санъат меросини акс эттиради.

Музей экспозициясида тўқимачилик намуналари, чинни буюмлар, қўлёзмалар, дипломатик совғалар, республика асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг шахсий буюмлари, шунингдек, Усмонийлар ва республика даврига оид ашёлар намойиш этилмоқда. Тўпламда халқларимизнинг ўзаро маданий алоқаларидан яққол далолат берувчи Бухоро ҳунармандларининг ижод намуналари алоҳида ўрин эгаллаган.

Ташриф давомида меҳмонларга либослар коллекцияси, анъанавий каштачилик, сопол идишларга нақш чизиш ва қўғирчоқ ясаш жараёнлари намойиш этилди. Зироат Мирзиёева маданий меросни асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлаб, турк халқининг ушбу вазифага алоҳида эътибор билан ёндашишини қайд этди.

Шунингдек, гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналиши бўлиб қолиши, халқларимизни яқинлаштиришда маданиятнинг алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.

Сўнгра икки мамлакат Биринчи хонимлари махсус маросимда иштирок этдилар. Унда давлат раҳбарлари Хатай вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган турар жой мажмуасини очдилар, шунингдек, Истанбулда Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўладиган мактаб қурилишига старт бердилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг