Президент: «Шаҳарнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув айланиши керак»
Шаҳар дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, келгуси йилдан қурилиш ишлари бошланиши эълон қилинди.
«Шаҳарнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув айланиши керак», – деди давлатимиз раҳбари.
Дастур доирасида 150 километр ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режалаштирилган.
Ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо қилинади. Бу сувлар дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.
Пойтахтнинг барча коммунал ташкилотлари ва фавқулодда хизматлар тун-у кун ишлашга ўтиб, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва тезлик билан бартараф этиш билан шуғулланиши, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
«Пойтахт – давлатнинг сиёсий, маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Пойтахтни бошқариш, ривожлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича ўзига хос ёндашувлар бўлиши керак», – деди давлатимиз раҳбари.
Шунинг учун Тошкент шаҳар кенгашига орттириб бажарилган даромаднинг маҳаллий буджетга қайтариладиган қисмидан 20 фоизини туманларга тақсимлаш ваколатини бериш таклиф қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимларига маҳаллий кенгашлар билан келишган ҳолда бўш маблағларни депозитга қўйишга рухсат этилади.
Умуман, Тошкент шаҳри фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгиловчи «Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш вақти келгани таъкидланди.
«Маҳалла еттилиги»нинг самарасини оширишда пойтахт етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди.
2026 йилдан Тошкент шаҳрида янги тизим жорий қилинади – «маҳалла еттилиги» тўлиқ шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтади. Ҳоким ўринбосарларига «маҳалла еттилиги» нинг ҳар бир аъзосига янгича ёндашув асосида КПИ ишлаб чиқиб, тизимдаги ортиқча ҳисоботлар каби бюрократияни йўқотиш топширилди.
«Еттилик» ҳисоботлар билан эмас, балки одамларнинг оғирини енгил қилиш билан шуғулланиши зарур», – деди Президентимиз.
Йиғилиш давомида пойтахт ва унинг туманлари ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди, тадбиркорлар билан мулоқот қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter