Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақобат қўмитаси монопол корхоналарни огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси монопол корхоналарни огоҳлантирди

Фото: Рақобат қўмитаси

Рақобат қўмитаси монопол ва табиий монополия субъектлари томонидан қўлланилаётган нархлар устидан назорат кучайтирилганини маълум қилди. Қайд этилишича, корхоналарнинг нарх сиёсати ва бозордаги хатти-ҳаракатлари доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Маълумотга кўра, 2026 йил 1 июндан ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг 10 фоизга оширилиши айрим маҳсулотлар ва хизматлар таннархига таъсир кўрсатиши мумкин.

Бироқ Қўмита бу ҳолат монопол ёки табиий монопол маҳсулотлар ҳамда хизматлар нархларини иқтисодий жиҳатдан асоссиз ошириш учун сабаб бўла олмаслигини таъкидлади. Шу муносабат билан устун мавқега эга корхоналар амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирилди.

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, монопол маҳсулотлар таннархида ёқилғи-энергетика ресурсларининг улуши ҳамда мазкур омилнинг якуний нархларга таъсири олдиндан таҳлил қилинган.

Қўмита маълумотларига кўра, аввалги даврларда ҳам маҳсулот ва хизматлар нархларини ҳақиқий харажатларга нисбатан юқори даражада шакллантирган айрим устун мавқега эга корхоналарга нисбатан таъсир чоралари қўлланилган.

Рақобат қўмитаси монопол ва табиий монопол корхоналарга мурожаат қилиб, нархларни белгилашда қонунчилик талабларига амал қилиш зарурлигини эслатди.

Идоранинг билдиришича, маҳсулот ва хизматлар нархлари иқтисодий жиҳатдан асосланмаган ҳолда оширилгани аниқланса, қонунчиликда назарда тутилган молиявий жарималар ва бошқа таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.

Қўмита бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича назорат тадбирлари изчил давом эттирилишини ҳам маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг