Шаҳло Турдиқулова Бутунжаҳон фанлар академияси вице-президенти этиб сайланди
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, биология фанлари доктори, профессор Шаҳло Турдиқулова Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) вице-президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар берди.
Бу Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун тарихий натижа — шу пайтга қадар минтақадан ҳеч бир вакил академия раҳбариятида бундай юксак лавозимга сайланмаган.
Шаҳло Турдиқулова — генетика ва биотехнология соҳасидаги таниқли олима. У Ўзбекистонда инсон генетикаси бўйича илмий мактабга асос солган, COVID-19га қарши Ўзбекистон–Хитой вакцинаси яратилишида ҳам иштирок этган.
Бутунжаҳон фанлар академияси 112 мамлакатнинг етакчи тадқиқотчиларини, жумладан, Нобель мукофоти лауреатларини бирлаштиради. Физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Абдус Салам ташаббуси билан 1983 йилда ташкил этилган TWAS ривожланаётган мамлакатларда илм-фан тараққиётини қўллаб-қувватлайди. Академия ЮНЕСКОнинг дастурий бўлинмаси бўлиб, унинг бош қароргоҳи Италиянинг Триест шаҳрида жойлашган.
Сайлов натижалари TWAS аъзоларининг овоз бериши асосида аниқланди. Шаҳло Турдиқулова академиянинг ольти нафар вице-президентидан бири сифатида 2027 йил 1 январдан ўз ваколатларини бажаришга киришади. У 2025 йилдан Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси ҳисобланади.
TWASнинг янги Кенгашига Хитой Фанлар академияси президенти Хоу Сзянго раҳбарлик қилади. Шаҳло Турдиқулова Кенгаш таркибида академия фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилаш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашда иштирок этади. Унинг сайланиши Марказий Осиёга TWASнинг илмий кун тартибини шакллантиришда раҳбарият даражасида бевосита иштирок этиш имконини беради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter