Шаҳрисабзда ёшлар иштирокида муҳим экологик ва туризм тадбири бўлиб ўтмоқда

Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги Мираки туризм масканида жойлашган «Лочин» оромгоҳида «Ёшлар келажак бунёдкорлари» IV экология ва туризм халқаро қурултойи ўтказилмоқда. 11 август куни тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қурултой 11-16 август кунлари «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда эълон қилинган «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт йили» Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилмоқда. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларни экология ва туризмни ривожлантиришга фаол жалб этиш, уларнинг ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу йўналишларда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Кўргазманинг очилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус ва Россиядан келган хорижий делегациялар иштирок этди. Халқаро қурултойда Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидан 54 нафардан иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан ногиронлиги бўлган ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ўқувчи, талаба ва ёшлар қатнашмоқда. Шунингдек тадбирга «Ёш экологлар» ҳаракати ва Ёш туризм элчилари Кенгашлари аъзолари ҳам жалб қилинган.
Тантанали очилиш маросими байрамона руҳда ўтди. Меҳмонлар миллий анъаналар, ёрқин ҳаваскорлик чиқишлари ва қурултой дастури тақдимоти билан кутиб олинди. Маросимда давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан табрик сўзлари айтилиб, барқарор келажакни шакллантиришда ёшларнинг ўрни муҳимлиги таъкидланди.
Расмий қисмдан сўнг дастлабки тадбирлар: «Биз бир жамоамиз, салом, қурултой!» шиори остидаги ҳудудлар тақдимоти, «Қурултай Эхпо» кўргазмаси, шунингдек, ёш фаоллар ва экспертлар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Қурултой олти кун давом этиши кўзда тутилган. Унинг дастурида халқаро конференциялар, экологик ва туризм лойиҳалари танловлари, плогинг мусобақалари, тренинглар, интеллектуал ўйинлар, маданий ва спорт тадбирлари ўрин олган. Қурултой якунида Марказий Осиё ёшлари туризм ва экология ассоциациясига сайловлар ўтказилади ва энг фаол иштирокчиларга диплом, сертификат ва эсдалик совғалари топширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter