Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров бир ойда манзил колонияга чиқади — «Эзгулик» раиси

Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров  бир ойда манзил колонияга чиқади — «Эзгулик» раиси

Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов жазони ижро этиш муассасида собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевни учратгани ҳақида ёзди.

«Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги комиссия таркибида Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ тизимидаги 22-сонли колонияда мониторинг ўтказдик.

Бу ўринда жамоатчиликни кўпроқ қизиқтирадиган манзара борки, шахсан менинг зонага ташрифим ҳам, бу постни ёзишга ундаган жиҳат ҳам шудир. Яъни, бу ерда жазо муддатини ўтаётган юқори даражадаги мулозимлар: собиқ Бош прокурорлар Рашиджон Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев, собиқ МХХ катта зобити Жавдат Шарифхўжаев, Бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Хуррамовлар»,—дея ёзади Ташанов.

«Аввал мамлакатимизга уч муддат Бош прокурорлик қилган Рашиджон Қодиров билан суҳбатлашдик. У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда ҳушёр одам — яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ структураларига қийноқлар бўйича шикоят қилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. «Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши»,— деди Қодиров.

Кўрдикки, собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги, лозими ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради. Расмларга олишди, комиссиямиз вакиллари ҳадемай бу расмлар чоп қилишса керак.

Генерал Абдуллаевни чинни цехида идишга нақш солаётган жараёнда учратдим. Унгача муассасанинг тиббий бўлимига кириб, у кишининг тиббий картаси билан танишгандим. Ҳужжатга кўра, Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 242- ва 301-моддалари билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унга нисбатан яқин орада икки марта ўтказилган COVID тести манфий чиққан. Бўйин умртқа поғона қисмидаги оғриқдан шикоят қилган. Кўзининг кўриш даражаси биринчи кўзда +1 ва иккинчи соҳада +2,58...».

Ташанов ўз постининг якунида таъкидлашича, колониядаги манзара қониқарли. Масалан, сиёсий аҳамиятга молик бўлгани учун Бош прокурорларга алоҳида мулозамат ёки кузатув йўқ. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг