Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда яшаш қимматлашяпти — Numbeo

Тошкентда яшаш қимматлашяпти — Numbeo

Фото: Xabar.uz

Numbeo портали Тошкент шаҳрида ўртача шароитда яшаш учун зарур бўлган пул маблағлари миқдорини маълум қилди.

Тошкент шаҳри бўйича эълон қилинган янги ҳисоб-китоблар пойтахтда яшаш харажатлари йилдан йилга ошиб бораётганини кўрсатган.

Маълумотларга кўра, тўрт кишилик оиланинг ойлик ўртача харажати ижара тўловисиз 23,5 миллион сўмдан ошади. Якка яшовчи шахс учун эса бу кўрсаткич 6,3 миллион сўм атрофида баҳоланган.

Ҳисоботда озиқ-овқат, транспорт, ижара, коммунал хизматлар ва бошқа кундалик эҳтиёжлар бўйича ўртача нархлар келтирилган. Жумладан, Тошкентда арзон ресторанда бир марта овқатланиш 70 минг сўм, икки кишилик ўрта тоифадаги ресторанда кечки овқат эса ўртача 400 минг сўмга тушади.

Бозор нархларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Масалан:

  • 1 кг гўшт — қарийб 138 минг сўм;
  • 1 кг товуқ гўшти — 48 минг сўм;
  • 12 дона тухум — 22 минг сўмдан зиёд;
  • 1 литр сут — 14,7 минг сўм атрофида.

Пойтахтда ижара бозори ҳам юқори даражада қолмоқда. Шаҳар марказида бир хонали квартира ижараси ўртача 7,4 миллион сўм, марказдан ташқарида эса 4,4 миллион сўм атрофида баҳоланган.

Шу билан бирга, ҳисоботда Тошкентдаги ўртача ойлик маош солиқдан кейин 7,3 миллион сўм экани қайд этилган. Бу эса айрим ҳолатларда ҳатто бир хонали уй ижарасини қоплаш учун ҳам етарли эмас.

Мутахассислар фикрича, аҳоли даромадлари ва яшаш харажатлари ўртасидаги фарқнинг кенгайиши келгусида ижтимоий ва иқтисодий босимни кучайтириши мумкин. Айниқса, уй-жой ижараси, озиқ-овқат ва таълим харажатларининг юқорилиги ўрта даромадли оилалар учун жиддий юк бўлиб қолмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг